10 август куни ҳукуматнинг «Ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [440-сон] қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Ихтирочилар ва рационализаторлар жамияти нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил қилинди. Ўзбекистон иқтисодиётининг барча тармоқларида ихтирочилик фаолиятини ривожлантириш жамиятнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Қарорга кўра, 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили ҳудудлар, тармоқлар ва соҳалар кесимида ихтирочилик ва рационализаторлик бўйича кўрик-танлов ўтказилади.

Кўрик-танлов ғолибларига қуйидаги миқдорда пул мукофотлари берилади:

  • 1-ўринга — БҲМнинг 300 баравари (90 млн сўм);
  • 2-ўринга — БҲМнинг 250 баравари (75 млн сўм);
  • 3-ўринга — БҲМнинг 200 баравари (60 млн сўм).

Мазкур маблағлар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратилади.

Шу билан бирга, ғолибларнинг ихтироларини келгусида стартап лойиҳалар доирасида молиялаштиришгга устуворлик берилади.

Бундан ташқари, ғолиб иштирокчилар магистратура мутахассислигига Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси гранти ҳисобидан имтиҳонсиз қабул қилинади.

Аввалроқ «Газета.uz» ОТМларга киришда кимлар қандай имтиёзларга эгалиги бўйича маълумотларни бир материалда жамлаган эди.