Тожикистон божхона хизматининг хабар беришича, ўтган 6 ой давр мобайнида Ўзбекистон Тожикистон пахтасига бўлган талабни оширган. Бунга иқтисодчи Отабек Бакиров эътибор қаратди.

Тожикистон божхона хизматига таяниб, Asia-Plus нашри хабар беришича, биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга 17,3 млн долларлик 6,6 минг тонна пахта экспорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 баробар кўп.

Пахта экспорти ҳажми қўшниларнинг Ўзбекистонга экспорт товарлари орасида электр энергияси (12,2 млн доллар) ва цемент (14,1 млн доллар)ни ҳам ортда қолдирган.

6 ой ичида Тожикистоннинг Ўзбекистонга жами экспорти 96 млн долларни, импорти эса 189 млн долларни ташкил этган.

Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, Тожикистондан 78,7 млн долларлик импорт амалга оширилган, экспорт эса 211 млн долларни ташкил этган.

Маълумот учун, 2018 йилда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан Ўзбекистон 2025 йилгача пахта толаси экспорт қилишни тўхтатиши тўғрисидаги режалар тақдим этилганди. Унга мувофиқ, мамлакатда экпортни қисқартириш ўрнига тўқимачилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш учун кластерлар ташкил этиш мақсад қилинган.

Мос равишда, давлат раҳбарининг [ПФ-14-сон] фармони тасдиқланиб, пахта-тўқимачилик кластерларининг мақсад ва вазифалари белгилаб берилганди. Шунингдек, Cotton Campaign ташкилоти томонидан бойкотнинг бекор қилиниши орқали ўзбек пахтасининг экспорт ҳажми яқин 4−5 йил ичида 50 млрд долларга етказилиши ва янги иш ўринларининг яратилиши учун имкон яратади.