10 август куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ипотека маркази очилиши бўлиб ўтди. Бу хақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2022 йилда ипотека кредитлари учун тижорат банкларига бюджетдан 13 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган. Лекин олти ойда аҳолига бу маблағларнинг 30 фоизи берилган.

Президент 7 июль куни ипотека кредитларини ажратишда бюрократияни камайтириш бўйича топшириқлар бериб, 1 сентябрга қадар аҳолига ҳар томонлама хизмат кўрсатадиган ипотека марказларини ташкил этишни топширди.

Биринчи марта қурилган марказда ипотека бозоридаги таклифлар умумлашган ва шаффоф тизим бор. Ташриф буюрувчиларга Тошкент шаҳрида қурилаётган уйлар, уларга хизмат кўрсатадиган банклар, ипотека кредитлари шартлари ҳақида батафсил маълумотлар берилади.

Олди-сотди, гаров ва ипотека кредити шартномаларини расмийлаштириш тартиби, уй-жойга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш масалаларида ҳам ёрдамлашилади. Муҳими, барча хизматлар бир жойда кўрсатилади.

«Халқ турмушини яхшилаш учун қанча қарорлар чиқаяпти, қулайликлар яратиляпти. Лекин кўпчилик бундан тўла хабардор эмас. Билганлар ҳам қаерга боришни билмай, овора бўлади. Бу марказ уй олишни истаганларга комплекс хизмат кўрсатиб, оғирини енгил қилади. Энди марказнинг электрон платформаларини ривожлантириб, одамларга янада қулайлик яратиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.


Келтирилишича, марказда қурилиш ва девелопер компаниялар ўз офисларини ташкил этган. Харидорлар учун барча шароитлар яратилган.

Шунингдек, давлат раҳбари минглаб одамлар томорқа учун ипотекадан фойдалана олмаётганига эътибор қаратиб, мутасаддиларга томорқа ипотекасини жорий қилиш кераклигини айтди.

«Томорқа ипотекасини жорий қилиш керак. Томорқа ипотекаси бу халқ ипотекаси бўлади», — деди президент.

Маълумот учун, ПМТИ олиб борган таҳлил натижаларига кўра, жорий йилнинг 6 ойи давомида давлат дастурлари доирасида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари уй-жой бозорида фаолликнинг сақланиб қолишига катта хизмат қилган.