6 август куни Фарғона вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Учкўприк туманида яшовчи М.И.нинг яшаш манзили кўздан кечирилган. Вилоят ИИБ матбуот хизматининг хабар беришича, фуқаро хонадонидаги ер майдонида 17 туп «марихуана» ўсимлигини етиштириб келаётганлини аниқланган.

Бундан ташқари, оғилхонасининг турли жойларидан қоғоз ва целлофан пакетларга солинган ҳамда ошхонасидаги жавон ичидан қоғоз қутиларга беркитилган жами 5,2 кг «наша» гиёҳвандлик моддаси топилган.

Яшаш хонадонидан полимер қопда «кўкнори» поялари ва полимер сумкада кўкнори бошоқлари, жами 7,7 кг кўкнори гиёҳвандлик воситалари топилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан ҳибсга олиниб, жиноят иши қўзғатилган.