Ўзбекистонда хорижий криптобиржаларнинг сайтларига кириш уларнинг фаолият юритиш ҳуқуқи учун лицензияси йўқлиги сабабли блокланди, деб хабар берди Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги матбуот хизмати. Эслатиб ўтамиз, ИЛМА криптоактивлар айланмаси соҳаси регулятори ҳисобланади.

9 августдан бошлаб, фойдаланувчилар машҳур криптобиржалар, жумладан, Binance ва FTX сайтларини очишга уринганларида, «огоҳлантириш»га дуч келишди. Унда «Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сонли «Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ахборот ресурсига чеклов ўрнатилгани» қайд этилган.

ИЛМА маълумотларига кўра, блокланган платформалар Ўзбекистон ҳудудида серверларини ўрнатиш бўйича қонунчилик талабларига жавоб бермаган. «Шу билан бирга, улар криптоактивлар билан операцияларни амалга ошириш учун ҳеч қандай юридик жавобгарликни ўз зиммаларига олмайди, транзакцияларнинг қонунийлигини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини тўғри сақлаш ва махфийлигини кафолатлай олмайди», — дея қайд этади агентлик.

ИЛМА фуқаролардан Ўзбекистонда криптоактивлар билан боғлиқ савдоларини амалга ошираётган ёки хизматларни тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда ёки ноқонуний мақсадларда таклиф этаётган компаниялар ҳақида хабар беришларини сўради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда криптовалюталарни сотиш фақат ихтисослашган криптобиржалар орқали амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, криптовалюталарда биржа савдоси учун электрон тизимлар Ўзбекистон ҳудудидаги серверларга жойлаштирилиши керак.

Президентнинг 2018 йил 3 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида криптоактивлар айланмаси соҳасидаги фаолият турлари этиб, айнан: майнинг ва криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари белгиланган.

Хизматлар провайдерлари қаторига фаолияти лицензияланадиган ва жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан уларнинг номидан криптоактивларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматлар кўрсатадиган криптобиржалар, майнинг-пул, криптодепозитарийлар ва криптодўконлар киритилган.

Шунингдек, ҳужжат билан 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари криптоактивларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкинлиги белгиланди. Бироқ улар ушбу санага қадар криптоактивларни сотиб олиш, сотиш, айирбошлаш ва (ёки) сақлаш билан боғлиқ савдоларни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.

2021 йил апрель ойида ИЛМА Ўзбекистон фуқароларига крипто-биржаларда криптоактивлар ва токенлар билан криптобиржа савдоларининг барча турларини миллий ва чет эл валютасида амалга оширишга рухсат беришни таклиф этди.