8 август куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) Бош Ассамблеясида 2026 йилда олимпиада Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу куни Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари Алишер Саъдуллаев «Миссия бажарилди, жаноб президент», — деб ёзганди.

11 август тонгида 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолибларини Тошкент халқаро аэропортида кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир давомида «Газета.uz» мухбири билан суҳбатлашган Алишер Саъдуллаевнинг таъкидлашича, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини Ўзбекистонда ўтказиш қарорига эришиш осон кечмаган.

«Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрига кетаётиб, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини Ўзбекистонда ўтказиш мақсадимиз борлигини у ердагилар [халқаро шахмат Федерацияси раҳбарияти] га айтиш ва кўндиришни ният қилгандик. Аммо бу осон бўлмади. Чунки 2026 йилда бўладиган шахмат олимпиадасига биздан ташқари Польша, Замбия ва БАА ҳам мезбонлик учун даъвогарлик қилди», — деди у.

«Бундан ташқари, ҳозир дунёнинг айрим жойларида турли вазиятлар бўлаётгани барчага маълум. Шу сабаб ҳам „2026 йилгача Ўзбекистонда қандай ҳолат бўлади?“, деган иккиланишлар ҳам бўлди. Айниқса, виза, мамлакатга кириб-чиқиш каби масалаларда кўп савол берилди. Биз эса тақдимот пайти Ўзбекистон мезбонлик қилишга тайёр эканлигини айтиб, вазиятни тушунтирдик, очиқлик сиёсати олиб борилаётганини таъкидладик. Шундан сўнг, бир овоздан рози бўлишди. Энди олимпиадани ўтказиш керак», — деди Алишер Саъдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидa чемпион бўлган Ўзбекистон жамоаси 11 август куни Тошкентга қайтиб келганди. Улар Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинган.

Маросимда бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиқиб, шахматчиларга президент табригини етказган ва уларга мукофотларини топширган.

Хусусан, олимпиада ғолиби бўлган эркаклар жамоаси вакиллари — Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Якуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидовларга 600 млн сўмдан пул мукофоти берилган. Қолаверса, ғолибларнинг ҳар бирига Equinox автомобили президент совғаси сифатида тақдим этилган.