Япониянинг амалдаги бош вазири Фумио Кисиданинг вазирлар маҳкамаси тўлиқ таркиб билан истеъфога чиққанини эълон қилди, дея хабар берди «РБК». Япония ҳукуматида кутилаётган бир қатор ўзгаришлар фонида юз берди.

Kyodo агентлиги маълумотларига кўра, Кисида жамоатчилик ишончи пасайиб кетгани туфайли ўз вазирлар маҳкамасини қайтадан шакллантирмоқчи. Шунингдек, бош вазир баъзи ҳукумат аъзоларининг «Бирлашув черкови» диний мазҳаби билан алоқалари юзасидан айбловлардан қочишга интилмоқда, ушбу мазҳаб Япония собиқ бош вазири Синдзо Абе ўлдирилганидан кейин аҳоли эътиборини тортди.

Asahi Shimbun газетаси маълумотларига кўра, Япония Мудофаа вазирлигига Ясукадзу Хамада раҳбар бўлиши мумкин. У ушбу лавозимда 2008−2009 йилларда ишлаган эди. Иқтисодий хавфсизлик вазири Сиёсий тадқиқотлар кенгаши раиси Санаэ Такаити, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва ижтимоий таъминот вазири эса вазирлар маҳкамаси собиқ бош котиби Катсунобу Като бўлади.

Ташқи ишлар вазири, молия вазири, иқтисодий қайта тикланиш вазири, ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазири ўз лавозимларида қолади. Рақамли технологиялар ҳамда иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлари ҳам алмашади. Вазирлар маҳкамаси бош котиби Хирокадзу Матсуно ҳам ўз лавозимида қолади.

Япония ҳукуматидаги бўлғуси ўзгаришлар ҳақида ўтган ҳафтадаёқ маълум бўлганди. 6 август куни бу ҳақда Кисиданинг ўзи эълон қилганди. Қайд этилишича, янгиланган вазирлар маҳкамасининг камида уч аъзоси «Бирлашув черкови» билан боғлиқдир.

Июль ойида Япония собиқ бош вазири Синдзо Абени ўлдирган Нара шаҳрининг 42 ёшли фуқароси Тетсуя Ямагами ушбу уюшмани («Бирлашув черкови») танқид қилган. Унинг фикрича, сиёсатчи ушбу уюшмага мансуб бўлган ва Ямагамининг онаси ушбу ташкилотга ўз пулларини ўтказган, бу эса унинг ғазабланишига сабаб бўлган. Kyodo маълумотларига кўра, аёл «Бирлашув черкови»га қарийб 100 миллион иена (720 минг доллар) хайрия қилган.

Тетсуя Ямагамининг тоғаси айтиб беришича, аёл 1990 йилларда турмуш ўртоғи ўз жонига қасд қилганидан кейин сектага тушиб қолган. Аёл эрининг ўлимидан кейин тўланган суғурта пулларини, шунингдек, оилавий кўчмас мулклар сотувидан тушган пулларни унга хайрия қилган. Ямагами эса оилада пул етишмовчилиги туфайли ўқишини ташлашга мажбур бўлган. Черковнинг ўзидагилар эса 50 миллион иенани қайтариб берганликларини маълум қилишди, Ямагамининг онаси номидан қилинган хайриялар ҳақида ҳеч қандай қайдлар бўлмаганини ҳам қўшиб қўйишди. Унинг тоғаси ташкилотни жавобгарликдан қочишга уринишда айблади.