Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани аҳолиси чоршанба куни эрталабдан буён квартиралари, уйлари, подъездлар, офис бинолари ва газ тақсимлаш пунктларида кучли газ ҳиди келаётганидан шикоят қилишни бошлади. Туман ҳокимлиги «Мирзо Улуғбектумангаз» газ таъминоти бўлими авария диспетчерлик хизматига ушбу ҳолат юзасидан кўплаб буюртмалар келиб тушганини маълум қилди.

Буюртмалар сони кескин кўпайиб кетганлиги боис бош муҳандис, уста ва чилангарлар томонидан буюртмалар жойларга чиқиб ўрганилди. Ўрганишлар натижасида тумандаги ГТПларнинг кириш-чиқиш босими меъёрда экани, газга одорант кўп миқдорда қўшиб юборилгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан, аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатлар тумангаз ходимлари томонидан хонадонларга чиқилиб, тўғрилаш ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Қисқа вақт ичида газ таъминотида меъёрий ҳолат жойига келади, дейилади хабарда.

Маълумот учун, табиий газ рангсиз, ҳидсиз, кўзга кўринмайдиган бўлгани боис газни ҳидлантириш мақсадида унга этилмеркоптан (одорант) моддаси қўшилади.