9 август куни Иссиқкўл вилоятининг Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат вакиллари делегациялари ўртасида икки давлат ўртасидаги чегара қисмларини демаркация қилиш масалалари бўйича музокаралар бошланган, дея хабар бермоқда 24.kg сайти.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг махсус вакили Назирбек Борубаевнинг айтишича, томонлар олдин келишилмаган қирғиз-ўзбек чегара қисмларини аниқлаштиришни мақсад қилишган. Унинг қайд этишича, ҳозирги кунда мамлакатлар чегарасининг 1170 км қисми аниқлаштирилган, эндиликда қолган қисмлари масаласи ҳал қилинади.

Назирбек Борубаевнинг таъкидлашича, икки мамлакат ҳукуматлари чегара масаласи борасидаги барча саволларни 2022 йилнинг ўзида ҳал қилишни режалаштиришмоқда. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара узунлиги 1378 кмни ташкил қилади ва шундан 85% қисми аниқлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 11 март куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Тошкентга расмий ташрифи давомида Шавкат Мирзиёев ўзбек-қирғиз давлат чегарасини делимитация қилиш масалаларини уч ой ичида ҳал этиш белгиланганини маълум қилганди. «Одамлар [ечимини] кутаётган баъзи масалаларни биз яқин келажакда аниқ ҳал этамиз. Бюрократиясиз, фуқароларимизга қулай ва яхшироқ бўлиши учун жиддий масъулиятни ўз зиммамизга олишга қарор қилдик», — дея таъкидлаганди Ўзбекистон етакчиси.

Шундан сўнг, ўша йилнинг 26 мартига келиб, икки давлат ҳукуматлари вакилларидан иборат делегациялар чегара ҳудудида учрашув ўтказганди. Қирғиз-ўзбек чегараларидаги барча баҳсли ҳудудлар ҳал қилинди, дея таъкидлаганди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев.

18 май куни эса Ўзбекистон ДХХ Абдусалом Азизов ва Қирғизистон МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев биргаликда вертолётда ўзбек-қирғиз чегарасининг белгиланмаган қисмини кўздан кечирганди.