Июнь ойи бошларида Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ортидан бюджетнинг 48,5 миллиард сўмини талон-тарож қилишда гумонланиб Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов ҳам ҳибcга олингани ҳақида ёзгандик.

8 август куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов мазкур жиноят иши аслида вазирлик ташаббуси билан фош этилганини маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Унинг таъкидлашича, Халқ таълими вазирлиги коррупцияга қарши муросасиз кураш мақсадида тегишли органлар билан ички аудитни янада кучайтирган. Натижада 2020 йил бошида Андижонда 5,9 млрд сўм танлон-тарожлик аниқланиб, ҳужжатлар прокуратурага юборилган. Ўша йилнинг ноябрида яна 25 млрд сўмлик ўғрилик ҳолати кузатилган.

Темур Комилов.

«Битта вилоятда салкам 32 миллиард сўм маблағ ўғриланиб, талон-тарож бўлган. Биз ўшанда ҳужжатларни ҳуқуқ тартибот органларига тақдим қилганмиз. Шундан сўнг, тегишли молиявий органлар қайта тафтиш қилган. Улар томонидан 33,8 млрд сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний сарфлангани аниқланиб, иш судга оширилган. Афсуски, Андижонда бу ҳолат яна такрорланди», — деди Темур Комилов.

Унинг қўшимча қилишича, 2021 йилнинг сентябрида вазирлик яна масофавий таҳлил ўтказган ва ўзлаштириш аломати борлиги аниқланган. Банк сири сабаб ХТВ Ҳисоб палатасига расман мурожаат қилган.

«Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда текширув ўтказилганда, 11 миллиард сўмдан зиёд маблағни пластик карталар орқали ўғрилаш ҳолати фош бўлди. Мазкур ҳолат ҳам ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ тартибот органларига тақдим этилган. Улар ўз ваколати доирасида тергов ишларини амалга оширди», — деди у.

Терговда давлат молиявий назорат органлари билан биргаликда вазирликнинг ички аудит хизмати масъуллари ҳам бевосита иштирок этган.

«Ҳозирги кунда тергов ишлари якунланиб, уюшган жиноий гуруҳ бўйича иш судга оширилган. Суд органлари белгиланган тартибда жараён якунлангач, бу ҳақда жамоатчиликка ахборот эълон қилишса керак. Қайд этиш керакки, амалга оширилган ўғриликни очишга, шу ҳолатни тизимдан йўқ қилиб ташлашга вазирликнинг ўзи ташаббус кўрсатган», — дейди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» мазкур жиноят иши юзасидан расмий эълон қилинган хабарларни эълон қилганди. Андижон шаҳар ҳокими ҳисобланган Баҳром Ҳайдаровни 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида молиявий жиноятлар содир этганликда гумонланиб, терговга тортиш масаласи кўтарилган.

Шунингдек, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар УзАсбо дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани айтилганди.

«Ушбу ҳолат юзасидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми „а“ банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалар билан айблов эълон қилиниб, 32 нафар шахсга нисбатан қамоқ, 2 нафар шахсга нисбатан уй қамоғи ва 3 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши бўйича етказилган 48,5 млрд сўмлик зарарнинг атиги 11,2 млрд сўми, яъни 23,1 фоизи ҳозирга қадар ундирилган», — дейилганди Бош прокуратура маълумотида.