Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ченнай (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилаётган 44-шахмат Олимпиадасининг тўққизинчи турида аввал турнирда мағлуб бўлмаган Арманистон терма жамоасини ютди. 7 август куни бўлиб ўтган учрашув 3:1 ҳисобида якунланганди.

Арманистон терма жамоасининг ўртача рейтинги (2637) Ўзбекистон жамоасидан (2606) бироз юқорироқ эди.

Жавоҳир Синдоров.

16 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдоров (2629) 28 ёшли Самвел Тер-Саакянга (2625) қарши ўйинда ғалаба қозонди.

Нодирбек Ёқуббоев.

20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев (2620) 33 ёшли Грант Мелкумян (2634) билан тенг ўйнади.


Жаҳонгир Воҳидов.

27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) 31 ёшли Роберт Оганесянни (2591) ортда қолдириб, Ўзбекистонга муддатидан олдин ғалаба келтирди.

Нодирбек Абдусатторов.

17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов (2688) ва 38 ёшли Габриел Саркисян (2698) ғолибни аниқламади.

Тўққиз тур якунларига кўра, Ўзбекистон 16 очко билан 188 та жамоа иштирок этаётган турнир жадвалида якка пешқадамга айланди. Ҳиндистон-2 жамоаси Озарбайжон билан дуранг ўйнади (2:2) ва 15 очко билан иккинчи ўринда қолди.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси (2094) эса Исроилга (2247) 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берди.