Ўзбекистон эркаклар жамоаси Ченнай (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилаётган 44-шахмат олимпиадасининг еттинчи турида Перу терма жамоаси устидан йирик ғалабага эришди. 5 август куни бўлиб ўтган учрашув 4:0 ҳисобида якунланди.

Перу термасининг ўртача рейтинги (2532) Ўзбекистон жамоасидан (2606) пастроқ эди.

17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов (2688) қора доналарда 31 ёшли Эмилио Кордова (2549) устидан ғалаба қозонди. Бу Кордованинг турнирдаги илк мағлубияти бўлди.

20 ёшли Нодирбек Якуббаев (2620) 31-ҳаракатида от билан ҳужум қилиб, 30 ёшли Кристьян Санчесни (2579) таслим бўлишга мажбур қила олди.

27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) ва 23 ёшли Браян Рамирес (2496) 51 тадан ҳаракатни амалга оширган бўлса-да, ўзбекистонлик шахматчи рақиб хатосидан унумли фойдалана олди ва учрашувни ғалаба билан якунлади.

20 ёшли Шамсиддин Воҳидов эса (2552) 30 ёшли Дейви Сигуэнасни (2503) мағлуб этди.

Еттинчи тур якунларига кўра, 12 очко тўплаган Ўзбекистон 188 та жамоа иштирок этаётган турнир жадвалида иккинчи поғонага кўтарилиб олди. Терма жамоа мусобақада ҳали мағлуб бўлмаган бешта давлатдан бири бўлиб турибди.

Кейинги турда шахматчилар 12 очко (6 ғалаба, 1 мағлубият) билан 6-ўринда бораётган Германия билан тўқнаш келишади. Рақиблар бунгача Судан (4:0), Финляндия (3:1), Ирландия (2,5:1,5), Италия (2,5:1,5), Сербия (2,5:1,5) термаларини мағлуб этиб, Австрияга (1,5:2,5) имкониятни бой беришган. Германия терма жамоасининг ўртача рейтинги (2662) Ўзбекистонникидан (2606) юқорироқ.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси (1959) Сербияга (1736) 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берди. Рақибларнинг ўртача рейтинги (2297) терма жамоадан (2041) бироз юқори эди.

21 ёшли Нилуфар Якуббаева (2299) 22 ёшли Теодора Иньяц (2372) билан доскада фақат қиролларни қолдириб, дуранг ўйнади, 16 ёшли Умида Омонова (2195) эса 30-ёшли Эрика Йована (2271) билан баҳсда, 16 ёшли Мафтуна Бобомуродова (1914) 24 ёшли Адела Великич (2273) билан беллашувда муроса йўлини танлади.

20 ёшли Маржона Маликова (1756) ҳал қилувчи баҳсда 21 ёшли Марина Гайчинга (2271) имкониятни бой берди.

Терма жамоа 164 та жамоа ичида 8 очко билан 45-ўринга тушиб кетди. Кейинги турда шахматчилар 67-ўринда бораётган Шимолий Македония билан дона суришади.