Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг 11-километрида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими томонидан Damas русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчи салонда жами 18 нафар йўловчилар билан ҳаракатланиб келаётганлиги аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар қилди.

Эълон қилинган видеода кўпи билан етти нафар йўловчига мўлжалланган машинадан ёш ва катталар навбатма-навбат тушиши, олдинги ўриндиқда эса икки йўловчи ўтиргани акс этган.

Ҳайдовчига нисбатан «Йўл ҳаракати қоидалари»ни бузганлиги, яъни автомашинанинг техник тавсифларида кўрсатилганидан кўпроқ йўловчи ташилгани учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга, йўловчиларни эса ўз соғлиғига бефарқ бўлмасликка чақирди.

Аввалроқ Сурхондарёдаги 25 нафар ва Фарғона вилоятидаги боғчадан 28 нафар болани Damas олиб кетиш ҳолатлари ҳақида аввалроқ ёзган эдик.