Ўзбекистонда яқин йилларда давлат қимматли қоғозларини жисмоний шахсларга сотиш бўйича чеклов олиб ташланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг 4 август куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Молия вазирлиги давлат ғазначилик облигацияларини чиқариш ҳажмини оширишни режалаштирмоқда. 2019 йилда қарийб 600 млрд сўмлик давлат ғазначилик облигациялари чиқарилган бўлса, 2020−2021 йилларда бу кўрсаткич 5 трлн сўмга етди. 2022 йилда 6 трлн сўмлик қимматли қоғозлар чиқарилиши кутилмоқда.

«Биз Марказий банк билан ҳамкорликда нафақат банкларни, балки бошқа инвесторларни, жумладан, хорижий инвесторларни давлат ғазна қоғозларига жалб этиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқдамиз. Шунингдек, фақат юридик шахсларга эмас, аҳолига, яъни жисмоний шахсларга ҳам облигациялар чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Келгуси йиллар учун шундай режаларимиз бор», — деди у.

Одилбек Исаковнинг маълум қилишича, аҳоли учун чиқарилган давлат облигацияларининг фоиз ставкалари юридик шахсларга мўлжалланган қимматли қоғозларга нисбатан тахминан 3−4 фоизга юқори бўлади. «Сабаби шундаки, биз ҳеч бўлмаганда банклардаги омонатлар ставкаси бўйича (фоиз) тўлашимиз керак… Режаларимиз бор. Бу ички қарз бозорини ривожлантириш, облигациялар чиқаришни кўпайтиришни назарда тутувчи давлат қарзини бошқариш стратегиясида ҳам ҳисобга олинган», — деди вазир ўринбосари.

2019 йил октябрь ойи охирида президент Администрацияси Молия вазирлиги, Марказий банк ва ҳозирда тугатилган Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига бир ой муддатда давлат облигацияларининг иккиламчи бозорини ривожлантириш (жисмоний шахсларга давлат облигацияларини сотишни таъминлаш) ва миллий қонунчиликда молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этишга қаратилган «йўл харитаси»ни тайёрлаш топшириғини берган эди.

2020 йил январь ойида МБ банк депозитлари бўйича юқори ставкаларни ҳисобга олган ҳолда аҳолига давлат облигацияларини сотиб олишга рухсат беришга ҳали эрта эканини маълум қилди. Шундан сўнг регулятор жисмоний шахслар учун давлат облигацияларини сотиб олишдан кўра банклардаги депозитларга маблағ қўйиш фойдалироқ эканлигига ишонч билдирди.

2022 йилнинг июнь ойида аҳоли учун миллий валютадаги депозитлар бўйича ставкалар 2014 йилдан буён энг юқори кўрсаткичга етди — 21%. Натижада фуқаролар омонатларининг умумий ҳажми ой давомида 10,6 фоизга ўсиб, 49,13 трлн сўмга етди.