Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилишини маълум қилди. Бу мазкур масалага 4 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тўхталиб ўтди, деб хабар берди унинг матбуот котиби.

«Ҳозирги тез ўзгараётган дунёда ҳар куни янги муаммолар ва масалалар келиб чиқмоқда. Шундай экан, ҳар бир мутахассис ўз устида ишлаб, янги билимларни эгаллаб бориши керак», — деди президент.

Шу пайтгача давлат хизматчиларининг атиги 20 фоизи малака оширган, бу — раҳбарлар кесимида 1 фоизга, ўринбосарлар бўйича эса 5 фоизга ҳам етмагани кўрсатиб ўтилди. Малака оширганларнинг 50 фоиздан ортиғи ўқитиш сифатидан норози.

Бу борада таянч муассаса бўлган Давлат бошқаруви академияси энг илғор хорижий тажрибалар асосида трансформация қилинади, дейилади хабарда.

Йиғилишда президент маслаҳатчиси Сума Чакрабарти видеоалоқа орқали бу борадаги таклифларини баён қилди.

Мутасаддиларга бир ой муддатда:

  • хорижий ҳамкорлар ва нуфузли ўқув марказлари билан бирга қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш;
  • хорижий мутахассисларни жалб қилиб, янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва йил якунига қадар 5 минг нафар давлат хизматчисини ўқитиш топширилди.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда вазирликлар тизимидаги 110 та малака ошириш маркази фаолиятини қайта кўриб чиқиб, ўқитиш дастурлари ва методикаларини янгилаш, уларга малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича манзилли дастурни тасдиқлайди.

Ушбу йиғилишда президент давлат хизмати соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш 30 йилга қолдирилган. «Ҳали давлат хизмати чинакам халқни рози қиладиган тизимга айлангани йўқ», — деди у.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, давлат хизматига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилишини маълум қилганди. Раҳбарликка номзодларни «маҳалладан — республикагача» тамойили асосида ўстириш йўлга қўйилади, эски «объективка»дан воз кечилади. Ходимга билим-тажрибаси ва кўрсатган натижасига қараб баҳо берилади.