Ижтимоий тармоқларда прокуратура Тошкентдаги мактаблардан биридан мактаб формаси сотиб олиш учун тилхат ёздириб олаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Twitter`даги «Ватанпарвар» фойдаланувчиси эълон қилган ёзишмалар скриншотида ота-оналарга мурожаатни акс этган. Унда прокуратура барча 100 фоиз форма сотиб олиши шартлиги ҳақида тилхат олиб кетгани ёзилган. Хабарда, шунингдек, ота-оналар бошқа форма олиб, кейин қийналиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов Тошкент прокуратураси томонидан маълумотлар текширилаётгани ҳақида маълум қилди.

Янги ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун ягона мактаб формаси мажбурий бўлиши керак эди. Бироқ 27 июль куни ҳалқ таълими вазири Бахтиёр Саидов форма 2025 йилгача босқичма-босқич жорий этилишини маълум қилди. Бироқ, ота-оналарнинг хабар беришича, айрим мактабларда мактаб формаси мажбурий бўлишини айтишган. Баъзи ота-оналар аллақачон янги форма сотиб олишган.

ХТВ матбуот котиби Лайло Рустамованинг айтишича, мактаб маъмурияти ва ўқитувчилари ягона мактаб формасини тарғиб қилишлари мумкин. Аммо, агар ўқувчилар ушбу формани киймасалар, уларнинг дарсларга боришига ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди.