2 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Лойиҳаси жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг ҳуқуқ доираси кенгайтирилиб, халқаро ҳуқуқ нормалари билан мувофиқлаштирилмоқда.

Мажлисд нутқ сўзлаган ички ишлар вазири ўринбосари Яхёжон Абдулхаковнинг сўзларига кўра, амалдаги тартиб бўйича маҳкумлар бир неча йил давомида колонияларда ишласа-да, умумий меҳнат стажига қўшилмайди. «Айрим маҳкумлар жазони ижро этиш муссасаларида бир неча йил ишлаган даври учун пенсия таъминотига ҳам эга бўлмайди», — деди у.

Яхёжон Абдулхаков.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида жазони ижро этиш муассасаларида меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш стажини уларнинг умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда.

Қолаверса, маҳкумларга рағбатлантириш, муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш чораларини кўриш учун асос бўладиган маҳкумнинг тузалиш йўлига ўтганлигини баҳоловчи мезонлар белгиланяпти.

Мазкур мезонлар юзасидан депутатларда кўплаб саволлар туғилди ва улар ўз эътирозини билдирди.

Аввалига, Адолат партияси депутати Қодир Жўраев Жиноят-ижроия кодекси 97−1-модда (Маҳкумларни тузалиш йўлига ўтганлигини белгиловчи мезонлар) билан тўлдирилаётганига ўз фикрини билдирди.

Қодир Жўраев.

Унинг сўзларига кўра, учта баҳолаш мезони қайси хорижий давлат тажрибасидан келиб чиқиб таклиф этилаётгани аниқлаштирилмаган. «На тушунтириш хатида, на қиёсий жадвалда хорижий тажриба келтирилмаган. Маҳкумларнинг хулқ-атворларини баҳолашда қайда давлатларда қайси мезонлар қўлланилади? Умуман хорижий тажриба бу қонун лойиҳаларини тайёрлашнинг талабларидан бири ҳисобланади. Лекин бу ерда хорижий тажриба тўғрисида [гап] йўқ, мана шу баҳолаш мезонлари қаердан олинган?», — деди у.

ИИВ вакили эса мазкур саволга жавоб беришга қийналди. «Жуда ҳам ўринли савол. Маҳкумларнинг хулқ-атворларини баҳолаш мезонлари аслида, ўша эски Жиноят ижроия кодексимизнинг 102-моддасида бор. Лекин, биз баҳолаш қандай мезонлар асосида баҳоланишини сал кенгайтириб ёритганмиз. Аслида бу…», — деди у.

Шу жойда қуйи палата Спикери Нурдинжон Исмоилов мунозарага аралашди ва вақтни бекорга сарфламаслик учун ўзи ҳам лойиҳасига эътироз билдирди.

Нурдинжон Исмоилов.

«Ўта жиддий савол. Мана шу қонунни бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам норма шу. Қодир Асадовичнинг саволини мен аниқлаштираман. 97−1-моддада маҳкумларнинг хулқ-атворини баҳолашни бераяпсизлар. Буни очиб бераяпсизлар, бу [мезон]га бирорта маҳкум тушмайди», — деди у.

Спикернинг сўзларига кўра, «маҳкумга қўйиладиган талаблар шундайки, буни бирорта маҳкум қилолмайди». У буни исботини ҳам келтириб ўтди.

Таъкидланишича, меҳнатга ва таълимга виждонан ёндашиш мезони қайд этилган бўлиб, мезонни баҳолашда маҳкумнинг белгиланган иш нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил меҳнат қилиш кўникмаларининг шаклланганлиги, ўқишга ва касб эгаллашга бўлган қизиқиши инобатга олинади.

«Бажара олмай қолсачи, иш нормалари қанча бўлишини қаердан биламиз? Унинг қобилияти пастроқ бўлиши мумкин. Онгли равишда дегани нима? Уни онгли ҳам, онгли эмас ҳам дейиш мумкин. Ким буни баҳолайди? Маҳкум 60 ёшдан ўтган бўлса, унинг ўқишини нима кераги бор?», — дея савол билан юзланди Нурдинжон Исмоилов.

Навбатдаги мезон сифатида эса маҳкумнинг қамоқхонада ташкил этиладиган тарбиявий, маданий-маърифий тадбирларнинг ўтказилишидаги фаол иштироки, шахсий ташаббуси, бошқа маҳкумларга ибрат бўлиши эътиборга олиниши қайд этилган. «Умуман иштирок этмайман десачи? Масалан, қизиқмайди, у умуман бошқача одам. Ташаббуси йўқ. Демак, бунга маъмурият хоҳласа олади, хоҳламаса олмайди. Маҳкумларни тузалиш йўлига ўтган деб баҳоланиши учун мезонлар шунчалик қийин қилинаяптики, эртага маъмуриятга жуда катта имконият бераяпсизлар», — деди Қонунчилик палатаси Спикери.

Унинг сўзларига кўра, мазкур мезонларни ҳар бир маҳкумдан бирдек талаб қилиш нотўғри, чунки кимдир ишга, кимдир эса ўқишга, яна кимдир ташкилотчиликка қолибияти бўлиши мумкин. «Бу маҳкум учун эмас, балки маъмурият учун қилинган», — деди Нурдинжон Исмоилов.

ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошқарма бошлиғи Жамшид Султонов мазкур ўзгаришлар юзасидан тушунтириш беришга уринди. Унинг сўзларига кўра, 60 ёшдан ошганларга бошқа нормалар қўлланилади, қолаверса, маҳкумлар билан ҳар куни тарбиявий мулоқотлар олиб борилади.

Жамшид Султонов. Архив сурат, у ҳозир полковник унвонида.

«Амалдаги учта талаб ижроси юзасидан бир йилда ўртача 10−11 минг нафар маҳкумни озод қилиб келаяпмиз. Бизга давлат дастури билан [мезонларни] аниқроқ очиб беринглар деган вазифаси қўйилганди… Минг афсуски, шунақанги маҳкумларимиз ҳам борки, ўзи соғлом, жинояти оқибатида етказилган зарари бор, лекин ишлашни, тўлашни хоҳламайди. Дейлик, тадбирларга жалб қиладиган бўлсак, чиқишни хоҳламайман, шахсий вақтим, дам олишим керак, деган эътирозлар кўп билдирилган», — деди у.

Нурдинжон Исмоилов эса бу изоҳни қабул қила олмаслигини айтиб, мутахассислардан шу учта мезонга жавоб берсагина маҳбус тузалиш йўлига ўтган деб топилиш ёки йўқлигини сўради. Жамшид Султонов эса «ҳудди шундай» деб жавоб қайтарди.

«Унда маҳкумларнинг бирортаси тузалиш йўлига ўта олмайди. Бунга идеал одам бўлиши керак. Сизлар шунақа шартлар қўяяпсизларки, ҳозир Жиноят ижроия кодексини ҳам кўрамиз, у ерда ҳам бу даражада ёзилган эмас. [Бу мезонлар қабул қилинса,] уни хоҳлаган вақтда тузалиш йўлига ўтказмай қўяверасизлар. Сизларда [қамоқхонада] интизомий жазо бериш осонлигини биламиз», — деди ҚП Спикери.

Унинг таъкидлашича, илгари амниция эълон қилинган даврда ҳеч ким тушмаслиги учун маҳкумларга интизомий жазолар берилган. Маҳкумларни бу мезонларга киритиш ёки киритмаслик объектив бўлиши кераклигини таъкидлаб, бу қарорни қабул қилишда кимлар қатнашишини сўради.

ИИВ раҳбарининг ўринбосари Яхёжон Абдулхаков жамоатчиликдан комиссия тузилишини маълум қилди. «Баҳолашни фақат муассаса раҳбари ҳал қилмайди. Жамоатчилик вакилларидан комиссия тузилади, унда омбудсмандан тортиб, ҳокимият вакиллари, депутатлар, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлигидан бўлади. Умуман комиссия ичида раис сайлаб олинади ва ҳамкорликда баҳо берилади», — деди у.

Нурдинжон Исмоилов эса мазкур комиссия қайси қонунчилик ҳужжатида борлигини сўради. ИИВ вакиллари Жиноят ижроия кодексининг 102-моддасида деб хато жавоб беришди. Аслида комиссия ва унинг вакиллари ҳақида 102−1-моддада қайд этилган.

Спикер мазкур мезонларни осонроқ қилишни, акс ҳолда ҳеч ким ўта олмаслигини яна бир бор таъкидлади: «Мен тузалиш йўлига ўтдим, мен меҳнат қилаяпман деса, маъмурият — тўғри сен яхши меҳнат қилаяпсан, ўз вақтида ишга чиқаяпсан, нормани бажараяпсан, бошқаларга ўрнак бўлаяпман, лекин биласанми, маданий тадбирга чиқмадингда, дейди. Чунки сизлар юқоридаги мезонларни тўлиқ бажариш керак деяпсизлар».

Депутатлар ва мутахассислар фикрини тинглагач, қуйи палата етакчиси қонун лойиҳаси юзасидан иккинчи ўқишгача йўл харитаси тузилиши, жойларда ва қўмиталарда муҳокамалар ўтказилиши, амалдаги Жиноят ижроия кодексини инвентаризация қилиниши, Бош прокуратурадан бошқа ҳеч ким кўрмаган ИИВнинг ички ҳужжатларини ҳам чақиртириш кераклигини таъкидлади. «Эртага маъмуриятнинг фойдасига ўйнайдиган ҳужжат бўлмаслиги керак, агар маҳкумнинг фойдасига ўйнаса майли рози бўламиз», — деди Нурдинжон Исмоилов.

Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат энди 2- ва 3-ўқишда кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳа апрель ойида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганди. Лойиҳада иш стажидан ташқари,