Президент Шавкат Мирзиёев 30 июль куни нишонланадиган Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ўзбекистонликларни табриклади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги глобаллашув даврида жаҳонда муросасиз рақобат, қуролли тўқнашувлар, мафкуравий низолар, аҳоли, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун курашлар, терроризм, экстремизм, сепаратизм, одам савдоси каби таҳдидлар аёвсиз тус олмоқда.

«Иқтисодий инқироз, айниқса, коронавирус пандемияси натижасида турли хавф-хатарлар тобора кучайиб, инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, раҳм-шафқат, меҳр-оқибат каби муқаддас қадриятларга раҳна солаётгани, табиийки, барчамизни ташвишга солади. Мана шундай мураккаб замонда доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, бебаҳо бойлигимиз бўлмиш барқарорликни сақлаш, жамиятимизда кўпмиллатли катта ягона оила туйғусини кучайтириш қанчалик муҳим ва долзарб аҳамият касб этиб бораётганига ҳаммамиз гувоҳмиз», — деди у.

Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш вазифаси устувор мақсад сифатида белгиланганини қайд этди.

«Барчамиз учун Ватан битта. Биз — Ўзбекистон деган жаннатмакон юртнинг фарзандларимиз. Бизнинг — шу табаррук заминда яшаётган ҳар бир миллат вакилларининг ўтмишимиз ҳам, бугунги тақдиримиз ва келажагимиз ҳам бир. Бизни улуғ ва муштарак мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир. Мана шу эзгу ният йўлида ҳалол меҳнат қилаётган ҳар бир юртдошимиз Ўзбекистонда ўзининг бахту саодатини албатта топади. Бунинг учун давлатимиз, жамиятимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этади», — дея таъкидлади у.

Президент Халқлар дўстлиги куни муносабати билан бир қатор фаолларни мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.