29 июль куни Шавкат Мирзиёев Юқоричирчиқ туманидаги «Astrum» IT академиясига ташриф буюриб, ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари, ёш дастурчилар, IT ва коммуникация компанияларининг раҳбарлари ва ходимлари билан учрашди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Сўзи аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон сўнгги 5 йилда IT соҳасида эришган ютуқларга тўхталиб ўтди. Хусусан, соҳага 2 млрд доллар, шундан 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилди.

Бундан ташқари, алоҳида солиқ режими жорий этилган IT парклар ташкил қилинди. Бунинг ҳисобига бугунги кунда IT-паркларда 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш жойлари билан таъминланди. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилган IT мутахассислари сони йил бошидан 2,5 баробарга ўсиб, 43 мингга етди. Жорий йилнинг ўзида мамлакатда 134 та янги, жумладан 50 та хорижий IT компаниялари ташкил этилди, экспортчи корхоналар сони эса 2 бараварга ошди.

Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда мобил интернет нархи 9 бараварга арзонлашди ва халқаро рейтингда 68-ўриндан 15-ўринга кўтарилди.

«Энг асосийси, IT касбларни эгаллаш ёшлар ўртасида трендга айланди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент эътиборни кучайтириб, ёшларга озгина шароит яратиб берилса, бу соҳани янада юқорироқ поғоналарга олиб чиқиш мумкинлигига ишонч билдирди.

Давлат раҳбари вилоят ҳокимларига бир ой муддатда «Astrum» академиясига келиб, барча шароит ва имкониятларни кўзи билан кўриб, ўз ҳудудида камида биттадан шундай IT академия ташкил этиш лойиҳасини бошлашга топшириқ берди.

«Бошқа ҳудудларда ҳам бундай IT академиялар ташкил қилиш истагида бўлганларнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, барча масалаларини ҳал қилиб берамиз», — деди у.

Ўзбекистон етакчиси хорижий ҳамкорлар билан бирга мактаб, лицей, коллеж, техникум ва олийгоҳларда ўқувчи ва талабаларнинг IT кўникмаларини шакллантириш бўйича «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини давом эттириш, келгуси беш йилда IT хизматлари экспортини 1 млрд долларга етказиш режасини маълум қилди.

«Агар ёшларни IT касбларга ўқитишни тўғри йўлга қўйсак, уларни сифатли инфратузилма, компьютер ва кафолатли буюртма билан таъминласак, албатта, бу маррага бемалол эришамиз», — деди у.

Бунинг учун Шавкат Мирзиёев биринчи галда интернет қамрови ва сифатини кескин ошириш зарурлигини таъкидлади. Ҳозир ҳудудларнинг оптик толали тезкор мобил интернет (4G) билан қамраб олиш даражаси 70 фоиз атрофида. 118 та қишлоқларга интернет ҳам, мобил алоқа ҳам кириб бормаган.

Иккинчидан, IT соҳасида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш керак. Бугунги кунда бундай ёшларнинг стартапларига (230 та) атиги 10 миллиард сўм грантлар ажратилган. Ёки компьютер хариди учун 3500 нафар ёшларга кредит берилган бўлса, кафил йўқлиги учун 6500 дан зиёд ёшларга кредит бериш рад этилган.

Қолаверса, Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Навоийда IT-паркларни ташкил этиш ишлари якунига етказилмагани танқид қилинди.

Президент барча вазирлар, ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари, олийгоҳлар ректорлари рақамлаштиришни биринчи навбатдаги вазифалар қаторига олиб чиқиши лозимлигини таъкидлади. Бу борада адлия, меҳнат, олий ва халқ таълими вазирликлари, солиқ, божхона идоралари, Навоий комбинати, «Автосаноат», «Саноат қурилиш банки»да рақамлаштириш бўйича натижалар борлиги қайд этилди. Лекин, Транспорт, Энергетика вазирликлари, Ветеринария қўмитаси, «Uzbekistan Airports», «Темир йўллари», «Агросуғурта»да ишлар аҳволи суст.

«Хорижий корхоналар ёшларимизга ишонч билдириб, жорий йилнинг ўзида 100 млн долларлик хизматларга буюртма берган. Лекин, маҳаллий корхоналаримиз буюртмалари бундан анча кам. Бундан ташқари, ҳудудларда ёшларни экспорт бозорларига чиқишга кўмаклашадиган тизим яратишимиз шарт ва зарур», — дея таъкидлади президент.

Давлат раҳбари мактаб, лицей, коллеж, техникум ва олийгоҳлар директор ва ректорларига мурожаат қилиб, уларни ҳар бир ўқувчи ва талаба IT билимлари ва чет тилларини эгаллаб чиқишларига масъул бўлишга чақирди.

«Давлат томонидан IT соҳасини жадал ривожлантириш бўйича керак бўладиган барча шароит ва имкониятларни яратамиз. Ўзимдан бошлаб ҳамма раҳбарлар сизлар билан доимий мулоқотда бўламиз», — деди у.