28 июль куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳар Мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида синглиси билан келган қиз ҳожатхона эшиги ойнаси синиб кетиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, мазкур мактабгача таълим ташкилотида қатнамайдиган 2014 йилда туғилган қиз С. Х. (боғча ёшидан ўтган) синглиси А. Х. билан биргаликда боғчага келган. Тарбиячи мактаб ёшига етган қизни ҳам онасининг илтимосига кўра қонунга зид равишда боғчада олиб қолган.

Тушлик пайтида опа-сингил С. Х. ва А. Х. ҳожатхонага чиқишган. Опаси ҳожатхона ичкарисига кирган пайтда, синглиси ташқаридан ҳожатхона эшикни очиб-ёпиб ўйнаган.

Натижада ҳожатхона эшигининг ойнаси синиб, шиша бўлаклари С.Х.ни жиддий жароҳатлаган. Воқеадан хабар топган ташкилот ҳамшираси тезда биринчи ёрдам кўрсатган. Бироқ С.Х.нинг жароҳати чуқурлиги сабаб, кўп қон йўқотиш натижасида вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси ўрганиш олиб бормоқда.