Ўзбекистонда магистратурага кириш учун ҳужжат қабул қилиш жараёнида топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохталаштирилган. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 28 июль куни ўтказилган ижодий, касбий имтиҳонларни ўтказишга доир видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

«Абдуқодир Тошқулов магистратурага ҳужжат қабул қилишга ҳам тўхталиб, топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохталаштирилаётганини қаттиқ танқид қилди. Масъулларга ушбу ҳолатни қатъий назоратга олишлари, қабул якунлангач сертификатларни экспертлар иштирокида яна бир бор текширишлари, сохта сертификат топширганларни ўқишдан четлатиш бўйича зарур кўрсатма берди», — дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.


Бундан ташқари, вазир ОТМлар ректорлари ва қабул комиссиялари раисларига юзланиб, шундай деди: «Сизларга катта ишонч билдирган ҳолда шундай масъулиятли вазифага жалб қилдик, бунда сиздан фақат ҳалоллик талаб этилади».

Шунингдек, йиғилишда абитуриентларнинг ота-оналари ва кузатувчилар учун муассаса ҳудудида имтиҳонни санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказиш, жараёнларни видеотрансляция қилиш, ҳар бир ҳудудни навбатчи тез тиббий ёрдам машинаси билан таъминлаш, жараён ҳақида тезкор ахборот бериб бориш, апелляция комиссияси фаолиятини ташкил этиш, имтиҳон жараёнларига ОАВлар, жамоатчилик вакиллари, блогерларни таклиф этиш бўйича топшириқ берилди.

Маълумот ўрнида, касбий имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари бўйича жами қабул параметрлари 2515 тани ташкил этади. Рўйхатдан ўтган ва таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар сони 1,2 млн нафардан ошган:

  • алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 60 177 нафар,
  • тест билан биргаликда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони эса 66 371 нафар.