ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилоятида ўз қариндошини ўлдириш учун қотил ёллаган фуқаро ҳисбга олинди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Таъкидланишича, Сариосиё туманида яшовчи 66 ёшли М.А. ўзининг тенгдоши бўлган қариндошини ўлдиришни сўраб термизлик А.Б.га мурожаат қилган. Бунинг эвазига эса унга 50 миллион сўм беришини маълум қилган.

24 июль куни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Денов туманида ўтказилган тезкор тадбирда М.А. олдиндан келишилган пулдан 1,8 миллион сўмни «ёлланма қотилга» бераётган вақтида ушланган.

Гумондорга М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноий иш қўзғатилди. Унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Агар унинг айби суд жараёнида ҳам ўз исботини топса, М.А. 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.