25−31 июль кунлари Италия пойтахти Рим шаҳрида ўтказилаётган эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар биттадан олтин, кумуш ва бронза медалини қўлга киритди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Айтжан Халмахонов 51 кг вазнгача бўлган полвонлар ўртасидаги баҳсларда иштирок этиб, финалда эронлик Муҳаммадризо Голамини мағлуб этди ва олтин медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистонлик яна бир атлет Шахзод Рўзиохунов 45 кг вазнгача бўлган полвонлар беллашувларида қатнашиб, финалда украиналик Евгений Поковбага имкониятни бой берди ва жаҳон чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритди.

Хуршидбек Нормуҳаммадов эса 55 кг вазнгача бўлган полвонлар ўртасидаги курашларда грузиялик Саба Сурманидзе билан биргаликда бронза медалини қўлга киритди. Мазкур вазн тоифасида ҳиндистонлик Сураж Сураж олтин, Озарбайжон вакили Фараим Мустафаев кумуш медалига эга бўлди.

Чоршанба кунги баҳслардан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси умумий рейтингда учта медаль билан 4-ўринда бормоқда. Юнон-рум курашлари бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 37 мамлакатдан келган атлетлар медаллар учун куч синашмоқда.