Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 июль куни пахтачиликдаги долзарб вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тадбирда сўнгги йиллардаги иқлим ўзгаришлари пахтачилик олдига янги вазифалар қўяётгани таъкидланди. Хусусан, бу йилгидай аномал иссиқ илгари ҳеч қачон бўлмаган. Ўн кундан бери кундузги ҳарорат 43 градусдан юқори бўлмоқда. Кечки пайт ҳам ҳаво ҳарорати нормадан ошиб кетмоқда.

Президентнинг сўзларига кўра, бу пахтачилик учун фавқулодда вазият. Лекин барча имкониятларни сафарбар қилиб, ҳосилни сақлаб қолиш зарур. Бунинг учун уруғчилик, нав танлаш, ўғитлаш, суғориш ва зараркунандаларга қарши курашишни илмий ёндашувлар асосида йўлга қўйиш керак.

«Бу ҳар бир кластер, ҳокимлар ва ҳамма учун синовдир. Ҳосилни сақлаб қолишимиз керак. Мен нега буни айтяпман? Бунинг ортида қанча иш ўринлари, қанча экспорт турибди. Аввалроқ тўқимачилик экспортини 9 млрд долларга етказишимизни айтган эдик. Агар пахта ҳосилдорлиги ошмаса, олимлар билан бирга энг юқори навли пахтани сотмасак, натижа бўлмайди», — деди у.

Йиғилишда инновацион ривожланиш вазири, Пахтачилик кенгаши раиси Иброҳим Абдураҳмонов кенгаш аъзолари олим ва мутахассислар билан бирга Қуйичирчиқ, Сайхунобод, Навбаҳор, Нарпай, Вобкент ва Қоракўл туманларига бориб, ҳақиқий аҳволни ўрганганини маълум қилди. Жумладан, уруғлик пахта экилган майдонларда кўчат тиғизлиги меъёрга нисбатан 35−40 фоизга ошириб юборилгани аниқланган. Айрим далаларда ғўзанинг тепасида ҳосил деярли йўқ, пастида эса 2−3 та кўсак бор, холос. Иқлим ўзгариши туфайли зарарли ҳашарот ва касаллик турлари ҳам кўпайган.

Шуҳрат Ғаниев ва Иброҳим Абдураҳмонов.

Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбари уруғчиликка ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, зараркунандаларга қарши курашиш, ҳудудларнинг иқлим шароитига қараб томчилатиб суғориш тизимини мослаштириш каби 7 та йўналиш бўйича ўз таклифларини берди.

Йиғилишда бундай ҳолатда ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича тавсия ва кўрсатмалар айтиб ўтилди. Уларни барча ҳудудларда амалга ошириш бўйича «долзарб 30 кунлик» эълон қилинди.

Иброҳим Абдураҳмонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида айтишича, президент томонидан эълон қилинган тадбирдан кўзланган асосий мақсад — ҳосилни сақлаб қолиш.

Давлат раҳбари бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаевга вилоятлар ҳокимлари ва мутахассислари билан биргаликда кластер ва фермерлар далаларида бўлиб, илмий ечим ва инновацияларни тушунтириш бўйича топшириқ берди.

«Иқлим ўзгариши келгусида ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, иш тутишимиз керак. Бу масалага илмий ёндашиш шарт», — деди Шавкат Мирзиёев.

Июнь ойи охирида президент ҳар йили қўшимча 9 млрд доллар даромад олиш учун ип-калава ишлашни кўпайтириб, тайёр маҳсулотга айлантиришни буюрганди. У тўқимачилик саноатига 50 та хорижий бренд жалб этилишини, экспортчилар учун янги субсидиялар ва имтиёзлар берилишини маълум қилди.