Ўзбекистонда айрим банк кассалари ва банкоматларидан, ва валюта ҳисобварағидан нақд пул ечиб олишда карта рақамидан келиб тушган пул маблағларидан комиссия жорий этиш бошланди.

Хусусан, 27 июлдан бошлаб «Капиталбанк» Visa халқаро пластик карталаридан касса ва терминаллар орқали нақд валюта ечиб олиш учун 0,7 фоизлик комиссия жорий қилган бўлса, «Ипак йўли» банки 28 июлдан бу 1 фоиз миқдорида бўлишини маълум қилди.

«28 июлдан эътиборан нақд хорижий валюта муомаласини тартибга солиш мақсадида „Ипак Йўли“ банки Visa/Mastercard/UnionPay карталаридан „Ипак Йўли“ банки кассалари ва банкоматларидан, валюта ҳисобварағидан нақд пул ечиб олишда, „Ипак Йўли“ банки тизими ичида мижознинг карта рақамидан келиб тушган пул маблағларидан 1% миқдорида комиссия жорий этиш тўғрисида вақтинчалик қарор қабул қилингани ҳақида хабардор қиламиз», — дейилади «Ипак Йўли» изоҳида.

Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур ҳолатга муносабат билдириб, пул, айниқса спекулятив пул ҳудди суюқлик сингари экани, доим ўзига ўзанлар, оқим ва каналлар қидириб топа олишини ёзиб қолдирди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтада қатор банкларда халқаро пул ўтказмалари бўйича муаммолар кузатила бошлагач, спекулянтлар нақд валюта ечиб олиш учун асосий урғуни халқаро пластик карталарга қарата бошлашди.

«Чунки банклар пул ўтказмалари ва айирбошлаш шохобчалари орқали нақд валюта беришда қийинчиликларга дуч кела бошлаган бўлсада, халқаро пластик карталардан нақд валюта ечишга ҳеч қандай чеклов ва комиссиялар ўрнатишмаганди. Табиийки, спекулянтлар энди бу текин лазейкадан фойдаланишга ўтишди. Энди буёғига комиссия тўлаш керак бўлади», — деди у.

Унинг фикрича, бошқа босимга дуч келаётган банклар ҳам халқаро пластик карталардан нақд валюта ечиш учун комиссия ўрната бошлаши мумкин.