Сешанба куни Президент Администрацияси раҳбарининг янги ўринбосари лавозимига тайинланган Комил Алламжонов Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди васийлик кенгаши раиси лавозимини тарк этиши ҳамда ўзининг барча бизнес лойиҳалари ва компанияларини бошқа эгаларига топширишини маълум қилди.

«Бугундан бошлаб мен бизнесмен эмасман. Чунки мен манфаатлар тўқнашувига мутлақо қаршиман ва қолганларга ҳам шуни маслаҳат бераман», — деди у.

Комил Алламжонов фонд васийлик кенгашига тез кунларда янги раис танланишини маълум қилиб, «сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсати янада юқори даражага кўтарилади», деб ўйлашини таъкидлади.

«Чунки давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бу ислоҳотлар фақат олдинга юради, ортга қайтмайди. Шунинг учун ҳам мен барча блогер ва журналистларни янада фаолликка, ўз устларида ишлаб, холис ахборот тарқатишда давом этишларига чақириб қоламан», — деди у.

Комил Алламжонов Avtotest автомактаби ва Autodriver Study ҳайдовчиларни имтиҳон қилиш маркази, «Солиқ инфо» газетаси, BEM бухгалтерлик фаолиятини автоматлаштириш дастури ва бошқа кўплаб лойиҳалар асосчиси ҳисобланади.