Сирдарё вилояти Туризм ва спорт бош бошқармасида йирик миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

2021 йилнинг декабрь ойида бошқарма мутасаддилари томонидан 7 та фирма билан қарийб 2 млрд сўмлик 24 турдаги жами (2612 дона) спорт анжомларини харид қилиш учун 31 та шартнома тузилган.

Текширув давомида бошқарма ҳамда фирмаларнинг мансабдор шахслари спорт анжомлари олди-соттисини сунъий қимматлаштирилган нархларда амалга оширгани маълум бўлди.

Судга оид товаршунослик экспертизасининг хулосасига кўра, умумий ўртача бозор қиймати 720,3 млн бўлган спорт анжомлари 1,9 млрд сўмдан ортиққа харид қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.