Ўтган ҳафтада иссиқ ҳаво туфайли Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли энг юқори тарихий кўрсаткичга етди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Агар ўтган ёз мавсумида суткасига ўртача 224 млн кВт/соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, бу рақам 22 июль куни 237 млн кВт/соат ёки 6 фоизга кўпни ташкил қилди. Бу жорий йилдаги энг юқори истеъмол кўрсаткичидир, дейилади хабарда.

Тошкент шаҳрида истеъмол тарихий кўрсаткичга етиб, одатда куз-қиш мавсумида юқори бўладиган истеъмолдан ҳам ортди.

22 июль санасида бу кўрсаткич 27,5 млн кВт/соатни ёки 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсумидаги кунлик энг юқори истеъмол миқдоридан 15 фоизга кўп — 24 млн кВт/соатни ташкил этди.

«Истеъмолнинг бундай ошишига, албатта, янги биноларнинг қурилиши, ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилиши билан бир қаторда айрим хонадонларда электр энергиясининг суткалик истеъмоли 1000 кВт/соатгачага етгани ёки ушбу хонадонлар ўртача хонадоннинг 4−5 ойлик электр энергияси истеъмолини бир кунда истеъмол қилиши сабаб бўлган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги юқори ҳарорат ва электр узатиш линияларининг ҳаддан ташқари қизиб кетиши шароитида диспетчерлар айрим ҳудудлар ва саноат объектларини электр таъминотидан вақтинча узишга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар берган эди.