Ўзбекистон Энергетика вазирлиги истеъмолчиларга мурожаат билан чиқди, унда жорий ҳафтада ҳароратнинг меъёрдан ошиб кетиши туфайли электр узатиш тармоқларининг ҳаддан ташқари қизиб кетиши қайд этилаётгани, бу эса тармоқда жиддий носозликларга олиб келиши мумкинлиги айтилган.

«Асосан очиқ қуёшда жойлашган электр узатиш тармоқлари бугунги кунда уларнинг ишлаши учун мўлжалланмаган ҳароратгача қизийди. Жуда юқори ҳарорат кўрсаткичларига қўшимча равишда, айниқса кундузи, электр узатиш тармоқларининг носозлик ҳолатига электр энергияси истеъмолининг фавқулодда ўсиши таъсир қилади», — дейилади хабарда.

Бундай ҳолатда, ҳар қандай вақтда электр узатиш тармоқларининг ҳаддан ташқари қизиши ва истеъмолнинг ўсиши тизимда катта ҳажмдаги бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин бўлиб, бу эса электр таъминотини нормаллаштириш учун сезиларли вақтни (бир кун ёки ундан кўпроқ) олиши мумкин, дея қайд этилади Энергетика вазирлиги хабарида. Энерготизимда кенг кўламли муаммолар юзага келишини олдини олиш учун диспетчерлик хизматлари «электр узатиш тармоқларидаги юкламани камайтириш учун зарур чоралар кўради».

«Хусусан, маълум кўрсаткичлар критик даражага яқин бўлган ҳолда, айрим турар-жой бинолари ва саноат объектларини электр таъминотидан вақтинча узиб туриш керак бўлади», — дейилади вазирлик хабарида. «Кўрсаткичлар нормаллаштирилганда, диспетчерлик хизмати ушбу объектларни дарҳол электр таъминотига улайди».

Энергетика вазирлиги истеъмолчилар «тармоқдаги кенг кўламли носозликларни олдини оладиган, вазиятни анча узоқроқ тузатишни талаб қиладиган бундай чоралар зарурлигини» тушунишларига умид билдирди.