Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ҳудудий тузилмалари томонидан республикадаги 9 мингга яқин дўкон, киоска, ларёк ва павильонлар каби бошқа савдо объектларида ўрганиш ишлари олиб борилди, дея хабар қилди агентлик матбуот хизмати.

Хусусан, 1033 та яъни 12 фоиз ҳолатда чакана савдо қоидалари талаблари бузилган. Шундан 764та ҳолатда озиқ-оқат маҳсулотларини қуёш тиғида сақлаш фактлари аниқланди. «Аслида озиқ-овқат товарларини витринада қуёш нурлари ва ёғингарчиликларнинг тўғридан-тўғри таъсирига учрайдиган ҳолатда сақлашга ва жойлаштиришга йўл қўйилмайди», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ўрганишларда махсус жиҳозланмаган 50 та савдо шохобчаси расталарида гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари сотилаётгани маълум бўлди. Ваҳоланки, савдо қоидаларига асосан, гўшт-сут, балиқ, қандолатчилик маҳсулотлари (бисквит тортлар, пирожноелар ва бошқалар), ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр масаллиқлар ва бошқа тез бузиладиган маҳсулотларни сотишга фақат совутиладиган пештахталар, витриналар бўлган тақдирда рухсат берилади.

45 та ҳолатда эса тухум маҳсулотлари сақлаш меъёрларига амал қилинмаган юқори ҳароратда, қуёш тиғида сотилаётгани аниқланган. Бундан ташқари, савдо дўконлари пештахталарида 58та ҳолатда ювиш воситалари, нон, ун ва бошқа ун маҳсулотлари ёнма-ён жойлаштирилган, 3 та ҳолатда музлатгичлар етишмаслиги, 10 та ҳолатда вазнлаб сотиладиган маҳсулотлар очиқ ҳолатда расталарда сотувга қўйилган. Тартиб-қоидага асосан, янги резавор мевалар усти енгил газлама (масалан, дока ва ҳоказолар) билан ёпилиши керак. 103 та ҳолатда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тартибсиз жойлаштирилгани маълум бўлган.

Қайд этилишича, иссиқ ҳавода озиқ-овқат хавфсизлиги муҳим роль ўйнайди. Зеро, бузилган озиқ-овқат, айниқса, болалар ва қарияларда қатор касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Сотувчи техник регламент ёки стандарт талабларига мувофиқ товарларни қабул қилиб олишда, сақлашда, савдо олди тайёргарлигида ва сотиш пайтида уларнинг сифати ва хавфсизлиги савдонинг зарур шарт-шароитларини, шунингдек харидорларнинг товарларни танлаш имкониятини таъминлайдиган зарур жойлар, асбоб-ускуналар ва инвентарга эга бўлиши шарт.

Аниқланган қонунбузарликлар бўйича тадбиркорлик субъектларига камчиликларни бартараф этиш, келгусида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитлари ва яроқлилик муддатининг жиддий бузилишига йўл қўймаслик мақсадида кўрсатмалар берилди.