Келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги пост-патруль хизматлари фаолиятида «Е-патруль» тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 22 июлдаги қарорида сўз боради.

Шунингдек, фуқарони шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади. Барча маълумотлар электрон текширилади ва патруль-пост ходими фаолияти «бодикамера»га тасвирга олинади.

Ходимлар қуйидаги ҳолларда фуқарони тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки «Е-патруль» тизими орқали уларнинг шахсини аниқлаши мумкин: ️шахс жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилишга асос бўлса, ️шахсни содир этилган жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлса;️шахсни ушлаб туришга бошқа қонуний асослар бўлса. ️Ходим шахсни тўхтатганда уни тўхтатганлик сабаблари ва асосларини тушунтириши шарт.

Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган фуқаро қуйидаги ҳолларда ички ишлар органига олиб борилади:

  • ️унинг шахсини планшет орқали аниқлаш имкони бўлмаганда;
  • ️қидирувда бўлган ёки бедарак йўқолган шахслар аниқланганда;
  • ️шахсига аниқлик киритиш жараёнида қаршилик кўрсатганда;
  • ️жамоат жойида ҳуқуқбузарлик содир этиш вақтида ушланганда.

Фуқаро билан мулоқот қилишда ходим этика қоидаларига риоя қилиши ҳамда ҳурматсизлик сифатида қабул қилиниши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги, шу жумладан мобил телефонда гаплашмаслиги керак. Шу билан бирга, ходим «ҳушёр бўлиши», ўзини хотиржам тутиши ва «ҳар қандай кутилмаган ҳаракатга тайёр» бўлиши лозим.

Бодикамера ходимнинг хизмати бошланганидан то охиригача ёқилган бўлиши керак. Уни рухсатсиз ечиш ҳамда аудио ва видео ёзувлар қўйиш тақиқланади.

Бодикамераларда туширилган ёзувлар жиноятлар бўйича беш йил, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва назорат-текшириш фаолияти учун — бир йил, жиноят ва ҳуқуқбузарлик белгилари бўлмаган бошқа ҳолатлар учун — бир ой сақланиши керак.

Бодикамералар 2018 йил 1 июлдан йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари учун мажбурий этиб белгиланган эди. Ҳайдовчиларга камерасиз хизмат олиб бораётган ходимларга ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқи берилган.