Ўзбекистонда «Ўзтрансгаз»нинг табиий газни марказлашган тарзда харид қилиш ва сотиш ваколати UzGasTrade компаниясига ўтказилгани каби ислоҳотлар электр энергияси секторида ҳам амалга оширилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда 22 июль куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

«Электр энергетикаси соҳасида ҳам ҳудди шу ишни қилмоқчимиз. Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари компанияси станциялардан электрни олади ва сотади. Шунинг учун бу компания ҳам бундан озод қиламиз. Ва ҳозирча номи тасдиқланмаган PowerTrade компаниясини тузиш кўзда тутилмоқда. Шунда „ЎзМЭТ“ ҳам ўзига ортиқча бўлган функциядан қутилади-да, фақат транспорт ташкилотига ўхшаган, яъни электр энергияни етказиб берувчи корхонага — бизнесга айланади», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, электр етказиб бергани учун «ЎзМЭТ» тариф олади, шундан сўнг, у фойда кўрадиган рентабелликка эришгач, кредит олади ва ўзининг инфратузилмасини, жумладан, электр узатиш линияларини модернизация қилади.

«Бир янгиликни айтиб ўтмоқчиманки, биз ҳурматли президентимиз ҳузурида бўлган йиғилишда электр энергетикаси бозорида регулятор ташкил этиш таклифини бердик. Бу бўйича таклифларимиз асосий қисми президентимиз томонидан маъқулланди», — деди бош вазир ўринбосари.

Жамшид Қўчқоров. Фото: Видеодан лавҳа.

У шунингдек, «ЎзМЭТ» регулятор сифатида қандай вазифаларни бажаришини ҳам тушунтирди.

«Регулятор шундай бўладики, эртага энергетика бозорида ишлаб чиқарувчи, сотувчи, ким бўлишидан қатъий назар — ҳамма лицензия олади. Бу банкларнинг регулятори — Марказий банк қандай бўлган бўлса, электр энергетика регулятори бозоридаги қатнашувчилар, яхши маънодаги ўйинчиларнинг фаолиятини назорат қилади», — деди Жамшид Қўчқоров.

Иқтисодий тараққиёт вазири шунингдек, «бу нимага керак, 7 млрд доллардан ортиқ қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш шартномалари амалга оширилаяпти, яна нима ўйлаб топаяпсизлар?» қабилида савол берувчиларга ҳам олдиндан жавоб бериб кетди.

«Битта фарқи бўлади. Биринчидан, шу кунгача агар кимдир шамол ёки қуёш станциясини қураётган бўлса, у «ЎзМЭТ»га 2045−2050 йилгача палон нархда электр энергиясини кафолатли сотишга келишиб қўйган. Бу яхши ва осон бизнес. Энди, регулятор ишга тушиб, бизда электр энергиясининг улгуржи бозори шакллангандан кейин у очиқ бозор бўлади», — деди вазир.

Унинг тушунтиришича, хорижий инвестор бирор турдаги электр станциясини қурмоқчи бўлса, PowerTrade ёки бошқа ташкилотга бориб ўтирмасдан, регуляторга мурожаат қилади ва ер сўрайди, кейин қуради.

«Унга ҳеч ким электр энергиясини сотиб олишга кафолат ҳам бермайди. Бозорга ҳудди помидорини кўтариб бораётгандек бўлади, бир тоғора помидорни бозорга олиб борсам 5 минг сўмдан сотилишига ҳеч ким кафолат бермайди-ку. Электр энергияси ҳам ҳудди шундай бўлади», — деди бош вазир ўринбосари.

«Ҳозирги тартибда давлат ташкилоти шу электр энергияни 2045 йилгача оламан деб мажбурият олиб қўйяпти. Давлат ташкилоти мажбуриятини бажармаса, унинг орқасида ҳар доим ҳам давлат туради. Бу билвосита давлат мажбуриятлари ошишига олиб келади», — деди Жамшид Қўчқоров.

У мазкур янги тартибларни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Қонунчилик палатасига киритилишини қўшимча қилди.