Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135 моддаси «Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши»га ўзгартиш киритишга оид қонунни имзолади.

Моддага киритилган ўзгартишга кўра, ҳайдовчи ёнида биометрик паспорти ёки ID-карта мавжуд бўлса, ундан транспорт воситасини бошқаришга рухсат берувчи ва транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги ҳужжатлар, ишончнома ва фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси талаб этилмайди.

Ўзгартишлар ҳужжат расман эълон қилинган кундан 3 ой ўтиб — 2022 йилнинг 1 март санасидан кучга киради.

Қонун билан ИИВга шу вақтга қадар маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ягона электрон тизимда ДЙҲХХ ходимлари томонидан юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар ҳақида маълумотларни планшетлар ва компютерлар орқали текшириш имкониятини яратиш вазифаси юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ўзгартишларни август ойида Адлия вазирлиги томонидан таклиф этилган. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 18 октябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан эса 19 ноябрда маъқулланган.