Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Андижон ва Фарғона вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилганликда гумонланган шахсларни ҳибсга олди.

Андижондаги ҳолатда фуқаро Х.Н. икки нафар фуқарони Андижон давлат университетига гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига жами 11 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби тезкор тадбир Бағдод туманида ҳам ўтказилди. Унда муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган К.Х. фуқаро Д.ни гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга киритиб қўйишига ишонтирган. Бунинг эвазига у 500 АҚШ долларини олган вақтида ушланган, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан гумонланувчиларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.