Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг ўртача даромадини аниқлаш ва ҳужжатлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 21 июль кунги матбуот анжуманида Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат аҳолисининг кўпчилиги уйдаги ер майдони, деҳқон хўжалиги ёки норасмий ишлардан даромад олади. Бу эса уларга кредит ажратиш жараёнида инобатга олинмайди, чунки юридик жиҳатдан даромад ҳажмини тасдиқлаш имконсиз.

«Масалан, нонвойлик қиламан деса, даромадини тасдиқлайдиган ҳеч қанақа ҳужжати йўқ. Оила аъзоси, ўғлини ойлигини кўрсатиши мумкин. Биз ҳозир Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда ҳар бир ҳудудда ўзини ўзи банд қилган, норасмий даромад оладиган фуқароларимизни ўртача даромадини статистика бўйича аниқлаш мезонини киритаяпмиз», — деди Мамаризо Нурмуратов.

Таъкидланишича, айнан шу йўл орқали уларнинг даромадларини рўйхатга олиш мақсад қилинган.

«Ҳақиқатдан ҳам нонвой бўлиб ишлайман деса, унинг ўртача даромади мана „шунча миллион сўм“ экан деган ҳужжат билан кредит бериш, [тизимни] енгиллаштириш чораларини кўраяпмиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, ўзини ўзи банд қилган шахслар — меҳнат даромади олишга йўналтирилган, жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинмаган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар ҳисобланади.

Улар қаторида ёғоч ўймакорлиги, уйда балиқ етиштириш, автомобиль ювиш, аравада юк ташиш, қуш ва ҳайвонларни кўпайтириш, фото ва видео суратга олиш, энагалик қилиш, IT, ижтимоий тармоқларда фаолият юритиш (блогерлик), иссиқхона юритиш, калит ясаш, мебел ва металларни таъмирлаш, попкорн ва музқаймоқ тайёрлаб сотиш, рассомлик ва репетиторлик қилиш, таржимонлик қилиш ва кўплаб бошқа ишлар билан шуғулланувчилар жой олган.

Маълумот ўрнида, шу йилнинг сентябрида ҳукумат қарори билан ҳамширалик қилиш ҳамда июль ойида президент қарори билан таксичилик билан шуғулланиш ҳам ўзини ўзи банд қиладиган ишлар рўйхатига киритилди.