Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 июль куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтадиган Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрига келди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбарини аэропортда Вазирлар Маҳкамаси раиси — Қирғизистон президенти Администрацияси раҳбари Акилбек Жапаров ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.


Саммитда савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилади. Қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Шу куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммити олдидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари биргаликда «Номад» маданият марказига боришди. Ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси кўздан кечирилди. Сўнг кўчманчилар ўйинлари намойиш этилди.

Эслатиб ўтамиз, минтақа етакчиларининг биринчи саммити 2018 йил март ойида Нур-Султонда, иккинчиси 2019 йил ноябрда Тошкентда ва учинчиси ўтган йилнинг август ойида Туркманистондаги «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган.

Фото