Маданий мерос агентлиги айни вақтда Сурхондарё вилоятидаги «Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объектига зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланганини маълум қилди.

«Ушбу объектдан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси таркибидаги Шеробод тумани тиббиёт бирлашмаси хўжалик ҳисобидан тегишли асослантирувчи ҳужжатларсиз фойдаланиб келмоқда. Бу эса маданий мерос объектининг муҳофазасини таъминлашда бир қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда», — дейилади хабарда.


«Хўжайкон» туз ғори Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги [846-сон] қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Мазкур қарордан ташқари, 2021 йил 3 мартдаги 119-сонли қарор билан объект «Термиз» давлат музей-қўриқхонаси балансига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган.

Қарорлар ортидан «Термиз» давлат музей-қўриқхонаси «Хўжайикон» туз ғорининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб, эгалик ҳуқуқини олган.

Қўриқхона туз ғоридан фойдаланиш ҳамда эгалик ҳуқуқи асосида барча ташрифчилар учун иш фаолиятини ташкил этиш мақсадида Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига бир неча бор мурожаат қилган. Бошқарма масалани эътиборсиз қолдиргани сабабли, «Хўжайикон» туз ғори маданий мерос объектидан Шеробод тумани тиббиёт бирлашмасининг мажбурий тартибда чиқарилишини сўраган. 18 апрелда «Термиз» давлат музей-қўриқхонаси Термиз тумани туманлараро иқтисодий судига даъво аризасини киритди.

Қайд этилишича, Термиз туманлараро иқтисодий суди якуний суд қарорини чиқариш учун туз ғорининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши юзасидан Термиз туманлараро маъмурий суди қарорини кутмоқда.

Бироқ, 15 июнь куни Термиз туманлараро маъмурий суди Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида «Хўжайикон»нинг «Термиз» давлат музей-қўриқхонасига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, эгалик ҳуқуқи берилганлиги ноқонуний деб топди.

Маданий мерос агентлиги «Хўжайикон» туз ғорининг давлат мухофазасида ишончли сақланиши учун «Термиз» давлат музей-қўриқхонаси балансида оператив бошқарув ҳуқуқи асосида қолдирилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисобламоқда.


«„Хўжайикон“ туз ғори маданий мерос объектидан тиббиёт даволаш мақсадида ҳам фойдаланилиб, давлат ва ҳусусий санаториялар билан кенг ҳамкорлик олиб борилиши, халқаро миқиёсдаги диққатга сазовор жойлардан бирига айлантирилиши, маҳаллий ва хорижий ташрифчиларнинг эко ва тиббиёт туризми доирасида кенг жалб этилиши, маблағ тушумларининг тартибга солиниши ва мазкур маблағлар бюджет маблағлари сифатида йўналтирилиши ҳамда энг асосийси — мазкур маданий мерос объекти давлат мухофазасида ишончли сақланиши учун „Термиз“ давлат музей-қўриқхонаси балансида оператив бошқарув ҳуқуқи асосида қолдирилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Туз ғори ҳақида

«Хўжайикон» туз ғори 1989 йилда очилган. Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани Кўхитанг тоғ тизмаси этакларининг жануби-шарқий ёнбағрида, денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган. Туз ғорининг ички қисмида санъат галереялари тизими билан биргаликда бир-биридан ҳарорат, намлик, босим ва микроиқлим бўйича фарқ қилувчи бешта хона-камералар мавжуд.

Ғор деворлари ўзига хос тарзда 1−3 см гача туз қатлами билан қопланган, ўтиш жойида туз эритмали шифобахш булоқ бор. Ушбу ғор муҳитида нафас йўлларининг аллергик касалликлари, узоқ давом этадиган ўткир ва сурункали бронхит, астма, пневмония асоратлари, иммунитети пасайган беморлар ва тери касалликларини даволашда фойдали қўшимчалар мавжуд.