Кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланганликда гумонланган 9 нафар шахс қўлга олинди, деб хабар берди Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати.

Зангиота тумани «Тўқимачи» маҳалласида яшовчи (1983 й.т.) Қ.С. исмли шахс 18 яшар шартли харидорга 4 дона (таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган) дори воситасини 250 минг сўмга сотаётган вақтида холислар иштирокида ушлангани айтилмоқда.

Шунингдек, унинг ёнидан 10 дона шу турдаги дори воситаси далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинган. Шу тариқа бошланган тезкор тадбир давом эттирилган.

Ушбу шахс ҳамда бошқаларни дори билан таъминлаётган Учтепа туманида яшовчи 42 ёшли Жавлон ва 52 ёшли Бахтиёр, Олмазор ва Юнусобод туманида яшовчи 25−27 ёшли Рустам ва Муҳаммад, Тошкент туманида яшовчи 44−31 ёшли Шерзод ва Жасур исмли шахслар ҳам шартли харидорга дориларни сотаётган вақтида ушланган.

Улар тузган гуруҳнинг яна бир аъзоси Чилонзор туманидаги дорихоналардан бирида сотувчи бўлиб ишловчи Жавоҳир эса 200 дона (таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган) дорини 3 млн сўмга сотган вақтида ушланган. Унинг автомашинасидан эса 590 дона шу турдаги дори воситалари далилий ашё сифатида олинган, дейилади хабарда.


Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати.

«Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 9 нафар шахс қўлга олиниб, улардан бозор нархи 34 млн сўмга тенг бўлган жами 1351 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ноқонуний муомаладан олинган» — дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, январь-март ойларида давлат божхона органлари ходимлари томонидан Ўзбекистон ҳудудига 503,6 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилгани ҳамда 101 минг дона кучли таъсир этувчи ва 1,6 минг дона психотроп моддалар киришининг олди олингани ҳақда хабар берган эдик.