Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат ва муниципал таълим ташкилотлари раҳбарларини танлов асосида ишга қабул қилишни жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Танлов марказлаштирилган асосда Таълим ва фан вазирлигининг Таълим сифати ва ахборот технологияларини баҳолаш миллий маркази томонидан ўтказилади.

Танлов ғолиблари ушбу лавозимга беш йил муддатга тайинланади. Шундан сўнг улар бошқа номзодлар қатори умумий асосда танловдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.

Фармон қабул қилиниши билан беш йилдан ортиқ ишлаган барча мактаб раҳбарлари ишдан бўшатилган ҳисобланади ва янги раҳбар тайинлангунга қадар ўз ваколатларини вақтинчалик амалга ошириши мумкин бўлади.

«Мактаб фаолиятининг натижаси директорга боғлиқ. Янги механизм етарлича содда, тушунарли бўлиб, инсоний ва коррупцион омил ва хавфларни истисно қилади. Директор лавозимига даъвогар танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар тўпламини мустақил равишда Таълим вазирлигининг сайтига юклайди», — дея хабар қилди таълим ва фан вазири ўринбосари Нодира Жусупбекова «Кабар» ахборот агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Ҳужжатлар тўплами кўриб чиқилгач, иштирокчилар компьютер тестларига киритилади. Тест натижалари тугагандан сўнг дарҳол эълон қилинади.