Ёзнинг иссиқ кунлари бошлангач, юқори ҳарорат кўпчилик учун ҳақиқий синовга айланди. Иссиқ об-ҳаво оқибатида инсонларда юрак-қон томир касалликлари жиддийлашиши, инфарктга учраши ёки ўпка яллиғланиши каби бошқа жиддий муаммоларга дуч келиши ва бу ўлимгача бориши мумкин. Мисол учун, ЖССТ маълумотларига кўра, 1998 йилдан 2017 йилгача муддат давомида дунёда 160 мингдан ортиқ инсон жазирамадан ҳалок бўлган. Гап об-ҳавода ўзгаришлар кузатилмаганида тирик қолиши мумкин бўлган инсонлар ҳақида кетмоқда. Lancet томонидан эълон қилинган хабарларга кўра, 1980 йилдан 2016 йилгача дунё бўйича юқори ҳарорат сабабли кузатилган ўлим ҳолатлари 74% га ошган. Сўнгги йилларда вазият янада ёмонлашмоқда. 2021 йилнинг ўзида дунёнинг турли чеккаларида юқори ҳарорат кўрсаткичлари борасида бир қатор рекордлар янгиланди, дея маълум қилади BBC.

«Газета.uz» ушбу мақолада иссиқ об-ҳавода қандай қилиб хавфлардан ҳоли бўлиш ва соғликни сақлаш борасида турли мутахассислар томонидан берилган тавсия ва маслаҳатларни жамлади.

Организмнинг қизиб кетишига қандай йўл қўймаслик керак?

  • Максимал даражада юқори ҳарорат кузатилаётган кунларда соат 12:00 дан 16:00 гача кўчага чиқиш тавсия этилмайди. Агар кўчага чиқилса ҳам сояли томонда бўлиш тавсия қилинади.
  • Агар ёпиқ жойда, яъни хонада бўлсангиз, албатта хонада ҳаво айланишига шароит яратинг — деразаларни очинг, агар имкони бўлса, вентилятор ёки кондиционерни ёқиб қўйинг.
  • Иссиқда кўчага чиқаётганда табиий матодан тикилган очиқ рангдаги ва енгил кийим кийиш керак бўлади. Шунингдек, бош кийимдан (ёзги шляпа, кепка, панама ва бошқалар), қуёш нурларидан сақловчи кўзойнак ва соябонлардан фойдаланиш тавсия этилади.
  • Кўпроқ суюқлик: сув, чой, яхна ичимликлар ичиш тавсия этилади. Алкоголли ичимликлар, шунингдек, таркибида кўп миқдорда шакар, кофеини бор ичимликлар, энергетикларни ичиш тавсия қилинмайди. Танадаги суюқлик миқдорини меъёрида сақлаш учун суткасига 2,5−3 литр сув ичиш керак бўлади. Иссиқ кўк чой (шакарсиз) чанқоқни бошқа ичимликларга қараганда яхшироқ босади.
  • Кун давомида имкон қадар иссиқ ёки салқин ванна қабул қилиш тавсия этилади.
  • Агар иш шаҳар бўйлаб ҳаракатланишни тақозо қилса, салқинланиш учун дўконларга ёки бошқа кондиционерли ҳудудларга вақтинча кириш тавсия этилади. Жазирама об-ҳаво жароитида ёнингизда бир шиша сув олиб юрганингиз маъқул.

Организм қизиб кетган бўлса, нима қилиш керак?

Организмнинг қизиб кетиши, одатда, қуйидаги сабабларга олиб келади:

  • Қаттиқ бош оғриғи;
  • Ҳолсизлик;
  • Ўзини ёмон ҳис қилиш;
  • Ҳаракатланиш координациясининг бузилиши;
  • Тахикардия
  • Нафас олишнинг қийинлашиши;
  • Қайд қилиш ҳолатлари;
  • Юқори тана ҳароратининг кузатилиши (39 даражагача);
  • Хушдан кетиш ҳолатлари.

Агар сиз ёки сизнинг ёнингиздаги инсон ўзини ёмон ҳис қилишни бошласа, дарҳол қуйидаги чораларни қўллаш лозим:

  • Барча толиқтирувчи ҳаракатларни тўхтатиш;
  • Қуёш нури тўғридан-тўғри тушадиган жойдан қочиш — сояга ўтиш ёки салқинроқ жойга кириш;
  • Бош кийим ва устки кийимни ечиш;
  • Танани совутишга ҳаракат қилиш: бош ва бўйинга совуқ салфеткаларни қўйиш, уларни тез-тез алмаштиринг; оёқ-қўлларга совуқ компрессларни қўллаш самарали бўлади;
  • Суюқлик ва минерал тузлар миқдорини тўлдириш, озроқ миқдорда суюқлик қабул қилиш: бир ичишда 100 мл дан кўп бўлмаган сув (унга озгина туз қўшиш мумкин) истеъмол қилиш тавсия этилади;
  • Имкони бўлса, оёқларни 10−20 см баландликка кўтарган ҳолда, тинч ҳолатда ётинг.

Агар бу чоралар ярим соат ичида аҳволни яхшиламаса ёки жабрланувчи ҳушидан кетса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак. Ҳар қандай назоратсиз гипертермия (тана ҳароратининг ошиши) шошилинч тиббий ёрдамни талаб қилади.

Қандай қилиб жазирамада уйда кондиционерсиз жон сақлаш мумкин?

Жазирама об-ҳаво кузатиладиган кунлар давомида ҳаттоки уйда ҳам қийналиш, ухлай олмаслик ва бошқа оқибатларга дуч келиш мумкин. Айниқса, агар уйда кондиционер бўлмаса, бунда уйда салқинликни сақлаш учун қўшимча чоралар талаб этилади. Бунда, қўйидагиларни бажариш тавсия қилинади:

Хонага тушадиган ёруғлик миқдорини чекланг. Бунинг учун пардалар ёки қалин пардалари жуда мос келади. Пардаларни эрта тонгдан қуёш ботгунча ёпиқ ҳолда сақлаш ва кечаси очиш тавсия этилади.

Электр жиҳозларини ўчиринг. Барчамиз биламизки, электр тармоғига уланган ҳар қандай ускуна ўзидан иссиқлик чиқаради. Квартирадаги ҳароратни кўтармаслик учун фойдаланилмаётган ускуналарни ўчириб қўйиш керак бўлади. Бундан ташқари, иссиқ кунда, оловда ёки печда овқат пиширмаган маъқул.

Хонани кераклик вақтда шамоллатиб туринг. Кўпчилик хона деразаларини кун бўйи очиқ ҳолда қолдиришни маслаҳат беради. Аммо тажриба шуни кўрсатадики, энг юқори иссиқлик пайтида (12:00 дан 16:00 гача) деразаларингизни очиқ ҳолда қолдирмаганингиз маъқул. Куннинг иссиғида деразани очиқ қолдирган ҳолда, сиз хонадонингизга қизиб кетган ҳавони киритасиз, бу эса ҳароратнинг янада ошишига олиб келади. Шунинг учун, квартира деразаларини кечаси (оптимал равишда соат 2:00 дан эрталаб 5−6 гача) ва кечқурун 16:00 дан кейин очиш тавсия этилади.

Уйдаги намлик даражасини назорат қилинг. Иссиқ пайтда уйдаги намлик даражаси катта аҳамиятга эга. Шунинг учун, пол ва юзаларни тез-тез артиб туринг ёки кунига бир неча марта пульверизатор орқали салқин сув сепиб туринг. Ҳўл чойшабда ухлаш ёки ўраниб ётиш тавсия этилмайди. Бу шамоллаш ва шу каби бошқа касалликларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Вентилятордан фойдаланинг. Уйларда вентиляторлар кондиционерлардан кўра кўпроқ учрайди. Квартирадаги ҳароратни пасайтириш, лекин шу билан бирга шамолламаслик учун сиз вентиляторни ўзингизга эмас, балки мебель жойлашган томонга йўналтирганингиз маъқул (совутаётганда, у ўзини ўраб турган нарсалардаги иссиқликни ўзига торта бошлайди). Вентилятор олдига бир шиша ёки челак совуқ (ёки музлатилган) сувни ҳам қўйишингиз мумкин — бу хонани тезроқ совутишга ёрдам беради.

Ўзингизни ўсимликлар билан ўраб олинг. Агар уйингизда кичкина бўлса ҳам очиқ жой, терраса, балкон ёки боғ бўлса (айниқса уйнинг қуёшга энг кўп таъсир қиладиган қисмида), уни ўсимликлар билан тўлдиринг. Улар иссиқликдан ҳимоя сифатида хизмат қилади.

Тунги иссиқда қандай ухлаш мумкин?

Уйда ва кўчада кузатиладиган ёзги жазирама ухлашга ҳалақит бериши, ухлаганда ҳам тўйиб ухлашга қўймаслиги мумкин. Сомнологлар ёзнинг иссиғида уйқуни яхшилаш учун бир нечта тавсиялар берган:

  • Чойшаблар табиий матодан, яъни пахта ёки зиғирдан тайёрланган бўлиши керак.
  • Ётишдан олдин салқин душ қабул қилинг. Бу тана ҳароратини пасайтиради ва қулайроқ ухлашга ёрдам беради.
  • Ёстиқ ҳам муҳим аҳамият касб этади — ёстиқ ўзингиз учун қулай ва ҳавони яхши вентиляция қиладиган бўлгани маъқул. Шунингдек, ёстиқ чойшаби ҳам ипакдан бўлса ухлаш учун қулай бўлади. Ипак табиий ҳарорат регуляторидир, шунинг учун ёстиқ ипак билан қопланган бўлса, бош териси ва юз осон «нафас олади» ҳамда иссиқлик унчалик ҳам билинмайди.
  • Ишга ёки ишлар билан ташқарига чиқиш олдидан деразаларни ёпинг, шунда кун давомида хона ҳарорати қизиб кетмайди ва сиз салқинроқ хонада ухлайсиз. Аммо уйғонганингиздан сўнг, биринчи навбатда пардаларни очинг. Танангиз қуёш нурларидан қимматли Д витаминини олишига имкон беринг, бу серотонин даражасини оширади ва кайфиятни яхшилайди.

Иссиқ об-ҳаво шароитида қандай қилиб спорт билан шуғулланиш керак?

Агар сиз доимий тарзда кўчада машқ қилишга, югуришга одатланган бўлсангиз, жазирамада шароитнинг ўзгаришини ҳисобга олишингиз ва бунга кўникишингиз керак бўлади. 30−35 даража иссиқ исталган жисмоний ҳаракатларни хавфли қилиб қўяди. Юракка оғирлик тушади, организмнинг қизиб кетиши ва қуёш уриши хавфи пайдо бўлади, шунинг учун ҳаво ҳароратини ҳам ҳисобга олиш ва машқлар учун тўғри вақт танлаш керак бўлади.

Эрталабданоқ оғир машқларни қилиш ёки югуриш тавсия этилмайди, чунки бу вақтда организмда қон айланиши суст бўлади. Агар кечқурун машқ қилиш имконияти бўлмаса, эрталаб машқ қилиш мумкин, аммо фақат уйғонишдан 1−2 соат ўтгандан кейин. Шунингдек, бунда эрталаб ҳаво ҳарорати 30 даража иссиқдан юқори бўлмаслиги керак. Айниқса жазирамада машқ қилишда бу жиҳатларга гипертония ва бошқа юрак-қон томир касалликларидан ҳамда семизликдан азият чекадиган инсонлар эътибор бериши лозим. Бундай шароитда уларга оғир бўлмаган, оддий машқларни бажариш тавсия қилинади.

Жазирама шароитида ҳисобга олиш керак бўлган бошқа тавсиялар

Доимий тарзда қабул қиладиган дори воситаларингизни ёнингизда олиб юришингиз, умуман, уйдаги дори воситаларини салқинроқ жойда сақлаш тавсия этилади.

Ёғли ва гўштга бой овқатларни бундай шароитда камроқ истеъмол қилиш керак бўлади.

Шунингдек, жазирамада кичик миқдорларда, тез-тез овқатланиш маслаҳат берилади. Тўйиб овқатланиш, иссиқ ҳароратда организм учун оғирлик қилиши мумкин.

Иссиқ об-ҳаво шароитида иложи борича камроқ чекиш (ёки чекмаслик) тавсия қилинади. Чекиш — организмнинг қизиб кетишига сабаб бўлади. Шунингдек, ёз фаслида алкоголли ичимликлар истеъмоли ҳам ёмон оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Умуман, жазирама иссиқ шароитида бошни салқин сақлаш лозим, яъни ёпиқ жойларда бўлиш, қуёш нурлари остида кўп қолиб кетишдан қочиш керак. Шу билан бирга, кондиционердан фойдаланишда ҳам эҳтиёткор бўлиш, ҳароратни бирданига энг пастки кўрсаткичга тушириб юбориш тавсия этилмайди.