7 июль куни президентнинг «Қорақалпоғистон Республикасида 2022−2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қорақалпоғистонда сурункали касаллиги ва ногиронлиги мавжуд бўлган болалар учун 120 ўринли Болалар тиббий реабилитация маркази қурилади. Шунингдек, 80 ўринли Болалар фтизиатрия санаторийси барпо қилинади.

Бундан ташқари, Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида 20 ўринли хирургия бўлимини ташкил қилиш ҳам қарорда белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси кўп тармоқли тиббиёт марказининг хирургия бўлими негизида Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиали очилади. Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида мавжуд ўринлар доирасида умидсиз оғир беморлар учун 20 ўринли паллиатив ёрдам кўрсатадиган хоспис ташкил этилади.

2022 йил якунигача:

  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда қўшимча 34 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади;
  • тез тиббий ёрдам хизмати 63 та янги тез тиббий ёрдам махсус автотранспортлар билан таъминланади.

2022 йил 1 сентябрдан:

  • кўп тармоқли марказий поликлиника ва оилавий поликлиника филиаллари негизида 16 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади;
  • болалар орасида кўп учраётган касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 2−10 ёшли болалар орасида гельминтоз, 12−15 ёшли қизлар орасида камқонлик касаллиги бўйича скрининг дастурлари жорий этилади.

Қарорга кўра, соғлиқни сақлаш вазирининг Оролбўйи минтақасида тиббий хизмат бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Вазир ўринбосари Оролбўйи минтақасида соҳага оид муаммоларни шаҳар ва туманларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда жойида ҳал этиб бориш учун тегишли чоралар кўради.

Шунингдек, 1 июлдан лепрозорийларда ишлайдиган барча ходимларнинг лавозим маошига 50 фоиз миқдорида устама белгиланади.

Қарорга кўра, камида 3 йиллик иш стажига эга оилавий шифокорларни бирламчи бўғинда тор соҳа мутахассиси сифатида ишлаши учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади.

Тиббиёт ОТМ битирувчилари ҳамда тиббиёт муассасалари мутахассислари ҳам тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизматида ишлаши учун Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади.

2022−2024 йилларда камида 75 нафар тиббиёт ходимлари нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилади.

Қарор билан Қорақалпоғистонда 2022−2024 йилларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдамининг сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқлангани маълум қилинди.