Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани юқумли касалликлар шифохонасига 6 июль куни тушдан бошлаб фуқаролар кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи ва ич кетиши шикоятлари билан мурожаат қила бошлади.

Касаллик сабаблари ўрганилганда, улар бир кун аввал «FRESH FOOD 2020» оилавий корхонасига қарашли овқатланиш шахобчасидан «нонбургер» истеъмол қилгани маълум бўлди, деб хабар берди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати.

Соат 23:00 га келиб шифохонага жами 37 киши мурожаат қилган. Шундан 20 нафари тиббий кузатувга олиниб, уйига рухсат берилган, 17 нафари даволанмоқда. Беморларнинг умумий ахволи қониқарли. Уларга «ўткир гастроэнтерит» ташхиси қўйилди.

Умумий овқатланиш шахобчасида эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда, маҳсулотлардан намуналар олинди. Корхонанинг учта пункти вақтинча ёпилган.