2022 йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида «103» хизматига республика бўйича жами 6 млн 245 минг 280 та чақириқ келиб тушган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

«Тез ёрдам» чақирганларнинг 570 минг 817 нафари шифохоналарга госпитализация қилинди.

Энг кўп мурожаатлар:

  • Фарғона — 719 341 та;
  • Андижон — 666 206 та;
  • Тошкент вилояти — 623 095 та;
  • Тошкент шаҳри — 622 578 та ҳиссасига тўғри келди.

Ўтган йилнинг январь-июнь ойларида тез тиббий ёрдам хизматига жами 5 млн 811 минг 380 та чақириқ келиб тушган эди. Бу йил уларнинг сони 433,9 мингтага кўпайган.

Шунингдек, ўтган олти ойда «Тез ёрдам»га коронавирусга чалинган ва касалликка гумон қилинган беморлар бўйича 11 минг 157 та чақириқ келиб тушди. Бу ҳақда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлатбек Юлдашев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда касалланиш ҳолатлари ва «103» хизматига мурожаатлар сони ортиши кузатилмоқда. Шу боис айни пайтда мамлакат бўйлаб ихчамлаштирилган тез тиббий ёрдам бригадалари ташкил этиляпти. Бу эса чақирув манзилларига ўз вақтида етиб бориш ва кечикишларнинг олдини олишга хизмат қилади, дейилади хабарда.