Жорий йилнинг июнь ойида иш учун саёҳат қилган одамлар томонидан бизнес-класс авиачипталарини брон қилиш сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112 фоизга ошди. Бу ҳақда «Aviasales for Business» хизмати таҳлилига таяниб «РБК» хабар берди.

Бундай чипталарнинг умумий ҳажмидаги улуши 2021 йил июнь ойидан бери 0,16 фоиздан 0,34 фоизгача ўсди.

Буюртмалар сони бўйича Россиянинг энг машҳур хорижий йўналишлари борасида Топ-3 рўйхатидан Арманистон ва Грузиядан кейин Ўзбекистон ҳам жой олди. Россияликлар Марказий Осиёнинг марказий давлатидаги бизнес сафарлари учун асосан уч кун сарфламоқда.

Эслатиб ўтамиз, май охирларида Россия-Украина можароси фонида россияликлар Ўзбекистон йўналишида бир томонлама авиачипталарни кўпроқ харид қилаётгани ҳақида ёзгандик. Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, март-апрель ойларида консалтинг, молия ва IT-компаниялар вакиллари ортга қайтиш чипталарини нисбатан камроқ сотиб олган.