Уруш бошланганидан кейин Россияда чет елга бир томонлама парвозлар сони 70 фоизга етди. Ўзбекистон ортга қайтиш чипталарисиз йўналишлар орасида энг оммабоплари қаторидан жой олди. Бу ҳақда РБК таяниб, Spot хабар берди.

«Аэроклуб» вакилининг сўзларига кўра, россиялик менежерлар, шу жумладан, консалтинг, молия ва IT-компаниялар вакиллари ортга қайтиш чипталарини нисбатан камроқ сотиб олмоқда. Ушбу кўрсаткич мартда — 70 фоиз, апрелда эса — 47 фоизни ташкил қилди. 2019 йилда ушбу кўрсаткич 30 фоиз атрофида бўлган.

«2019 йил билан солиштириш биз учун энг мақбули, чунки ўшанда бозор барқарор ҳолатда эди, масалан, COVID-19 каби экстремал таъсирларга дуч келмаган вақтлар эди» — дея тушунтирди «Аэроклуб» вакили.

Бу каби хулосага 2019, 2021 ва 2022 йилларнинг биринчи чораги ва апрель ойида компаниядан ўтган 1 млндан ортиқ транзакцияларни таҳлил қилиш асосида келинган. Транзакция деганда битта чипта ёки меҳмонхонани банд қилиш назарда тутилмоқда.

«Аэроклуб» маълумотларига кўра, Ўзбекистондан ташқари март-апрель ойларида россияликлар Туркия, Қозоғистон, Исроил, Арманистон, Озарбайжон ва БААга бир томонга бўлган чипталарни расмийлаштиришган.