Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Конституциявий ислоҳотлар комиссияси матбуот котиби Одилжон Тожиев 1 июль куни оммавий намойишлар бўлиб ўтган Қорақалпоғистондаги вазият юзасидан баёнот берди.

«Конституциявий комиссия аъзолари ҳам вазиятни диққат билан кузатди, тармоқда янграётган фикрларни таҳлил қилиб борди. Бир гуруҳ популистлар провакацион ҳаракатлар натижа беришидан умид қилиб, шиорбозликка берилиб, халқни кўчага чиқишга чорлади», — деди депутат.

«Таъкидлаймизки, Конституциявий комиссия томонидан тақдим қилинган қонун лойиҳаси охир-оқибат Ўзбекистон халқининг, жумладан, Қорақалпоқларнинг ҳам орзу-интилишлари ифодаси бўлади. Оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришга уринган иғвогарлар қорақалпоқ халқининг умумий фикрини ифода қилмайди», — дея таъкидлади у.

«Ҳужжат тор доирада муҳокама қилинмаяпти, умумхалқ муҳокамаси ўтказилаяпти, -дея қайд этди вице-спикер. — Шу омилнинг ўзиёқ давлатнинг очиқлик сиёсати, ҳар бир ишда халқ фикри билан ҳисоблашишини кўрсатади. Демократия ва ошкораликни оммавий тартибсизликка айлантириш қандай оқибатларга олиб келганига ҳозир ўнлаб мисоллаб келтиришим мумкин. Лекин, шусиз ҳам ҳаммасини ҳис қилиб турибсиз, деб ўйлайман».

Одилжон Тожиев комиссия ушбу ҳолатга доир расмий муносабатини беришига умид билдирди. «Ҳозир эса қисқача қилиб бир гапни айтишимиз мумкин: халқ фикрини ифода қиладиган минбарлар, муҳокама майдонлари — провакаторларнинг ресурслари эмас. Биз бу вазиятга янада жиддий ёндашишимиз лозимлигини тобора равшанроқ тушунаяпмиз», — дея таъкидлади парламент қуйи палатаси вице-спикери.