Тошкент ҳокимлиги ва Франциянинг Veolia компанияси яқин вақтларда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги шартномани имзолаш ҳамда пойтахт иссиқлик таъминоти тизимини компанияга топширишни режалаштирмоқда. 2 август куни лойиҳа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди.

Лойиҳани амалга ошириш муддати 30 йилни ташкил этади. Бу муддат давомида Veolia ўз ҳисобидан 315 млн евро ҳамда лойиҳа даврида олинадиган даромад ҳисобидан 1 млрд 80 млн евро йўналтиради. 10 йил давомида пойтахтдаги барча қозонхоналарни ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтказиш режалаштирилмоқда.

Кутилаётган натижалар

Лойиҳани амалга оширишдан кутилаётган натижалар тақдимотдан ўрин олган бўлиб, слайдлар «Ўзбекистон 24» телеканали томонидан эфирга узатилди. «Газета.uz» уларни ўрганиб чиқиб, тафсилотларини келтирмоқда.

Амалдаги тизим 2028 йил 1 январгача сақлаб қолинган тақдирда, кредитор қарздорликнинг 14,4 трлн сўмга қадар ошиши кутилмоқда, Veolia лойиҳасида эса ушбу рақамни 1,8 трлн сўмгача тушириш кўзда тутилган. Иссиқлик йўқотилиши эса 2030 йилга қадар 5 млн Гкал (44%), Veolia лойиҳасида — 1,8 млн Гкал (20%) бўлиши тахмин қилинмоқда.

2050 йилга қадар Veolia лойиҳаси шарофати билан 11,7 трлн сўмлик 9,2 млрд куб метр табиий газ, 1,4 трлн сўмлик 3,1 млрд квт.с электр энергияси ва 440 млрд сўмлик 1,1 млрд куб метр сув иқтисод қилинади.

Шу билан бирга, амалдаги тизими шароитида тарифлар 2021−2027 йилларда йилига 15%дан ошса, Veolia лойиҳасида 30% га ошириш белгиланган. Ушбу давр мобайнида бюджет субсидиялари ҳажми ҳам 3,8 трлн сўмдан 8,5 трлн сўмга ошиши кутилмоқда.

Тажриба лойиҳалари

Президент Шавкат Мирзиёев тақдимотда таклиф этилаётган лойиҳани Тошкентдаги мавзелардан бирида намуна сифатида жорий этиб, самарадорлигини тажрибадан ўтказиш, ҳар томонлама чуқур ўйлаб, қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Биринчи тажриба лойиҳасини пойтахтнинг Бектемир тумани Сувсоз мавзесида амалга ошириш белгиланган. Унинг доирасида «Сувсоз» марказий қозонхонаси ва иссиқлик тармоқлари модернизация қилинади. 123 та бино, жумладан 91 та кўп қаватли уй, 32 та ижтимоий объект тўлиқ ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтказилади, 5451 та иссиқ сув ҳисоблагичи ва 123 та иссиқлик энергияси ҳисоблагичи ўрнатилади.

Иккинчи тажриба лойиҳаси Сергели туманидаги Нилуфар кўчасида ўтказилади. Бу ерда «Саноат энерго» марказий қозонхонаси ва иссиқлик тармоқлари модернизация қилиниб, 38 та бино (27 та кўп қаватли уй ва 11 та ижтимоий объект) тўлиқ ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтказилади, 1617 та иссиқ сув ҳисоблагичи ва 38 та иссиқлик энергияси ҳисоблагичи ўрнатилади.

Тажриба лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилганидан сўнг биринчи икки йилда Veolia бошқарувига шаҳар марказидаги яна 840 та бино ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтказиш учун топширилади ва инфратузилмаларни таъмирлаш ишлари бошланади.

ДХШ

Хорижий компания бошқарувига топширишдан аввал «Тошиссиққуввати» ДУКга тегишли мол-мулк ва биноларни инвентаризациядан, кўп қаватли уйлар иссиқлик таъминоти тизимини техник ва энергетик аудитдан ўтказиш режалаштирилган.

Давлат-хусусий шериклик шартномаси имзоланган тақдирда, Veolia компаниянинг Тошкентдаги филиалини бошқариш учун 5 нафар чет эллик мутахассисни таклиф қилади, сўнгра улар сонини 2022 йилда 12 нафарга оширади. 70 фоиз мутахассислар техник ва ташкилий департаментларни бошқаради.

Икки йил давомида «Тошиссиққуввати»нинг 3000 дан ортиқ ходимлари Veolia`га ўтади. Ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш учун Вильнюс, Прага ва Париждан мутахассислар таклиф этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил декабрида ресурс тежовчи замонавий технологияларни, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларида иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилишни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни инобатга олган ҳолда, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини 2019−2024 йилларда босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказишни кўзда тутган қарорни имзолаган эди.

2020 йилнинг январида Жанубий Кореянинг CM Entech компанияси Тошкент иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш, жумладан, Мирзо Улуғбек туманидаги 2-сонли иссиқлик марказини реконструкция қилиш таклифини берган эди. Ишларнинг қиймати 70−100 млн долларга баҳоланганди.