Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси, мамлакатнинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизмати хабарида айтилишича, суҳбат аввалида давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни 65 йиллик юбилейи билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Шавкат Мирзиёев «Гурбангули Бердимуҳамедовнинг замонавий Туркманистонни барпо этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссасини алоҳида қайд этди», дейилади хабарда.

Шунингдек, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик доирасида икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Савдо-саноат, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш ҳамда ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Томонлар минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари, шу жумладан Афғонистонда мустаҳкам тинчликни таъминлашга ва ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклашга кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашишди.