Президент Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни «Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш даврида бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда Солиқ қўмитаси.

Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан фойдаланилмаётган кўчмас мулк объектларига таъсирчан солиқ механизмини қўллаш бекор қилинади — бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, тугалланмаган қурилиш объектлари ҳамда ушбу объектлар билан банд бўлган ер участкаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкалари қўлланилмайди, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш бекор қилинади.

ҚҚС маъмуриятчилиги соддалаштирилади:

  • мажбурий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этиладиган тадбиркорлик субъектларига ҚҚС гувоҳномаси солиқ хавфи даражасига аниқлик киритилмасдан автоматик равишда берилади;
  • солиқ органлари мониторинги давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ хавфи ҳолатларининг аниқланиши ҚҚС гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб қўйишга асос бўлади;
  • юқори хавф даражаси аниқланган тадбиркорларнинг ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб қўйишдан 5 кун олдин хабардор этиш тартиби жорий этилади. Ушбу муддатда камчиликларни бартараф этиш имконияти берилади. Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилмаса, ҚҚС гувоҳномаси тўхтатиб турилади.

Амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига номувофиқ бўлиши ёки солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган манзилда мавжуд бўлмаганлик ҳолатлари бундан мустасно.

1 июлдан мажбурий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этиладиган тадбиркорлик субъектларига ҚҚС бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома солиқ хавфи даражасига аниқлик киритилмасдан туриб автоматик равишда берилади.

Бунда тадбиркорлик субъектларининг фаолияти солиқ органлари томонидан мониторинг қилиб борилади ва мониторинг давомида солиқ хавфи ҳолатларининг аниқланиши қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб қўйишга асос бўлади.

Ҳужжат билан солиқ хавфининг юқори даражасига эга солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳноманинг амал қилиши бу ҳақида солиқ органлари томонидан 5 иш куни олдин хабарнома юборилгандан сўнг ҳамда мазкур муддатда камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда тўхтатиб турилади. Бундан амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мувофиқ келмаслиги ёки солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган манзилда мавжуд бўлмаганлиги ҳолатлари мустасно.

2023 йил 1 мартга қадар:

  • ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат-касса техникаси чекларида товарлар (хизматлар) идентификация кодлари (МХИК)ни нотўғри акс эттирганлик учун молиявий жарима қўлланилмайди;
  • хўжалик юритувчи субъектлар асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларини ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни «E-aktiv» ААТ акс эттириш ихтиёрий ҳисобланади.

Апрель ўрталарида президент 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизими соддалаштирилишини эълон қилганди.