29 июнь куни соат 7.30 да Uzbekistan GTL заводида Ўзбекистон нефт ва газ-кимёси саноатининг тарихида биринчи синтетик GTL дизель маҳсулоти ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Эришилган келишувларга кўра, 5 минг тонна миқдорида ишлаб чиқарилган синтетик дизелнинг биринчи партиясини Навоий кон-металлургия комбинатига юбориш режалаштирилган.

«Заводнинг асосий ишга тушириш ишлари, шу жумладан 11 мингга яқин ускуна ва асосий ишлаб чиқариш қурилмаларини синхрон ишлашини таъминлаш, шунингдек, уларни тўлиқ назорат қилиш ва бошқариш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Uzbekistan GTL заводининг маҳаллий муҳандислари ва ёш мутахассислари томонидан мустақил равишда амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, 15 июнь куни соат Uzbekistan GTL заводида Ўзбекистон тарихида биринчи синтетик нефть ишлаб чиқарилиши бошланган эди.

Маълумот учун, 2021 йил 25 декабрь куни ишга тушган мажмуада йилига 3,6 млрд метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 млрд доллардан зиёд бўлган 1,5 млн тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.